Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Жасорати фаолиятига муваффақият келтирган аёл @huquqiytarg'ibot December 13, 2022 Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади. Ана шу эзгу шиор остида мамлакатимизда бизнес муҳитини яхшилаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича кенг кўл


Жасорати фаолиятига муваффақият келтирган аёл
@huquqiytarg'ibot December 13, 2022

Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади. Ана шу эзгу шиор остида мамлакатимизда бизнес муҳитини яхшилаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ҳаётбахш ислоҳотлар хотин-қизларни ҳам тадбиркорлик сари руҳлантириб, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада оширмоқда.


Барчиной Усмонова ана шундай ташаббускор, жасоратли тадбиркорлардан. Барчиной опага айнан шундай таъриф беришимизга тўла асос бор. У 2018 йилда вилоятда биринчилардан бўлиб хусусий боғча фаолиятини йўлга қўйди. “Севинч” болалар боғчаси бугун Гулистон шаҳрига ўзгача зеб бағишлаб турибди. Бу ерда тарбияланаётган болажонларга чиндан ҳавас қилса арзийди. Сабаби, 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар расм, шахмат-шашка, моҳир қўллар, мусиқа, бадиий гимнастика тўгракларига қатнашадилар. Инглиз, рус, корейс, хитой тилларини ўрганадилар.  


Барчиной опа боғча ёнидаги бўш ётган 21 сотих ер майдонини олиб, бошланғич таълим учун мактаб ҳам қурди. Мактаб фаолияти йўлга қўйилса, боғчадаги гуруҳ бир синф бўлиб ўқишни ҳам давом эттиради.


Барчиной Усмонова ана шундай тадбирли, ана шундай ғайратли аёл. У “Тадбиркор аёл” ассоцияси ҳудудий бўлими раҳбари, Тадбиркорлар ва ҳунармандлар маркази раҳбари ҳам саналади. Вилоят Адлия бошқармаси масъуллари ҳамда Журналистлар уюшмаси қошидаги журналист аёллар Кенгаши аъзолари Барчиной Усмонованинг иш фаолияти, вилоятда хотин-қизлар тадбиркорлигини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.


Тадбиркорлар ва ҳунармандлар марказида гилам тўқиш, адрас тўқиш, дўппи тикиш, зардўзлик, заргарлик, чокли буюмлар тикиш каби 7 та йўналишда ишлар ташкил қилинган бўлиб, дастлаб 50 нафар “Аёллар дафтари”да турган хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Ҳозирда уларнинг сони қарийиб 80 нафарга етди, - дейди Барчиной Усмонова.

Тадбир давомида Марказдаги иш жараёнларини кузатар эканмиз, ҳар бир аёл аллақачон ўз ишининг устаси, моҳир тўқувчи, қўли гул тикувчи бўлиб кетганига гувоҳ бўлдик. Механик  дастгоҳларда нозиқ қўллари билан ипак мато яратаётган, орзу умидларини турфа ранглар билан жилолантириб, гилам тўқиётган опа-сингилларимизнинг меҳнатига тасаннолар айтдик, - дейди Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими бош мутахассиси Дилором Исмадиёрова.

Дарҳақиқат, халқимизда иш билганга минг танга, деган нақл бежиз айтилмаган. Барчиной Усмонова ишнинг кўзини яхши билади. Шу боис, унинг фаолияти гуллаб-яшнамоқда. Мирзаобод туманида ҳам адрас тўқиш бўйича филиал очди. Бу ерда ҳам иш қизғин.


Қувонарлиси,  вилоятимиз хотин-қизлари томонидан яратилган ипак матоларга бугун дунёнинг кўплаб давлатларида талаб катта. Хусусан, маҳсулотлар Тожикистон, Туркия, Озарбайжон, Корея давлатларига экспорт қилинмоқда.


Барчиной опанинг яна бир хислати бор. У муваффақиятлари сирини ҳеч кимдан яширмайди. Бизнес тренер сифатида вилоятлар бўйлаб ўтказилаётган семинарларда ёш тадбиркорларга ижтимоий таълим, грант лойиҳалари устида ишлаш каби йўналишларда маҳорат дарслари ўтиб, ўз ҳаётий тажрибасини ўртоқлашиб келмоқда.

Ҳа, Барчиной Усмонова замон билан ҳамнафас, у ўзи каби тадбиркор, тадбирли аёллар сафи кенгайишини хохлайди. Зотан, жасорати фаолиятига муваффақият келтирган аёлнинг орзу-мақсадлари ҳам ана шундай пок ва самимийдир.



Дилноз Умурзоқова,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси