Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

09

Давлат хизматчисининг совға олишини тартибга солиш коррупцион хавфларни бартараф қилади


Давлат хизматчисининг совға олишини тартибга солиш коррупцион хавфларни бартараф қилади

???? Мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати тизимини тартибга солишга қаратилган махсус қонун қабул қилиниши натижасида Ўзбекистонда ижро ҳокимияти функцияларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солиш имкони яратилмоқда.

✅ Шунингдек, бугунги кунда давлат фуқаролик хизматида коррупцион хавфни минималлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси юзасидан ижтимоий тармоқларда, электрон оммавий ахборот воситаларида турли нотўғри талқинлар пайдо бўлмоқда.

Қуйида низомдан кўзланган асосий мақсад ва бу йўналишдаги хориж тажрибасидан айримларига тўхталиб ўтамиз.

????Биринчидан, бугунги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда давлат хизматчилари томонидан турли маросимлар, тадбирлар, учрашувлар давомида совғалар бериш ва қабул қилиш анъанаси мавжуд. Бу анъана меҳмондўстлик, иш юритишда ўзаро ҳурмат каби қадриятлар устига қурилган. Низом лойиҳасидан асосий кўзланган мақсад эса давлат фуқаролик хизматчиларининг мана шу қадриятларини ҳуқуқий тартибга солиш, унинг коррупцион хавфга айланмасдан туриб аниқ чегараларини белгилашдан иборат.

Умуман олганда, низом лойиҳаси орқали давлат фуқаролик хизматчиси томонидан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш талаблари ҳамда аниқ мезонлари белгиланади.

???? Иккинчидан, низом лойиҳасида совға қабул қилишнинг талаблари, аниқ миқдори белгиланган. Унга кўра, давлат фуқаролик хизматчилари томонидан совғалар фақат хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин. Умумий қоидага кўра совғанинг қиймати БҲМнинг 5 бараваридан кўп бўлиши мумкин эмас.

???? Ушбу нормалардан англашиладики, давлат фуқаролик хизматчилари фуқаролар ёки бевосита бошқа манфаатдор шахслардан муайян ишни ҳал қилиб бериш ёки келгусидаги манфаатлар учун совға олмайди, бу қонунлар билан тақиқланган.

‼️ Низом лойиҳаси – давлат фуқаролик хизматчиларига фуқаролардан совға олишига рухсат бермайди!

???? Учинчидан, давлат фуқаролик хизматчиларининг совға олиш масаласи бир қатор ривожланган давлатлар томонидан ҳуқуқий тартибга солинган, хусусан, давлат фуқаролик хизматчиси қабул қилиши мумкин бўлган бир марталик совғанинг қиймати АҚШда 20 доллар, йиллик миқдори сенаторлар учун 350, конгрессменлар учун 250 АҚШ долларидан ошмаслиги лозим, Сингапурда 50 сингапур доллари, Буюк Британияда 140 фунт стерлинг (160 АҚШ доллари), Францияда 35 евро (34 АҚШ доллари), Россия Федерациясида 3 минг рубль (49 АҚШ доллари) Грузияда 150 лари (54 АҚШ доллари) этиб белгиланган.

❕Мазкур низом лойиҳаси давлат фуқаролик хизматида коррупциянинг олдини олиш соҳасида ҳуқуқий базани такомиллаштиришга хизмат қилади.

⚠️ ОАВ, журналистлар ва блогерларни қонунчилик ҳужжатлари, уларнинг лойиҳаларини кенг жамоатчиликка етказишда нотўғри талқинга йўл қўймасликка чақирамиз.