Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

КАСАБА УЮШМА ҚЎМИТАСИ МАКТАБ ДИРЕКТОРИГА ФАРРОШ БИЛАН МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИНИ БЕКОР ҚИЛИШГА РУХСАТ БЕРМАДИ


Аниқланишича, даъвогар М.А. туман халқ таълими бўлимига қарашли    ўрта таълим мактабида 2004 йил 20 февралдан буён фаррош вазифасида ишлаб келган.

Мактаб директорининг 2019 йил 5 сентябрдаги 28-сонли буйруғи билан М.А билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодекси 100-моддасининг              2-қисми 4-бандига асосан бекор қилинган.

Меҳнат кодекси 100-моддасининг 2-қисми 4-бандига кўра, ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосли эканлигини билдиради.

Ушбу Кодекснинг 100-моддаси 3-қисмига кўра, ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхати:

ички меҳнат тартиби қоидалари;

корхона мулкдори билан корхона раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномаси;

айрим тоифадаги ходимларга нисбатан қўлланиладиган интизом ҳақидаги низом ва уставлар билан белгиланади.

Ўрта таълим мактаби меҳнат жамоаси умумий йиғилишининг 2019 йил          13 мартдаги 1-сонли баённомаси билан маъқулланган ўрта таълим мактабида ишлаётган ходимлар учун “Ички меҳнат тартиб қоидалари”нинг 2.28-банди          3-хатбошига кўра, ишда узрсиз сабаблар билан 3 соат мобайнида бўлмаслик меҳнат вазифаларини бир марта бузиш ҳисобланиб, меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлади.

Мактаб директорининг 2019 йил 29 августдаги 2-сонли огоҳлантириш хати билан мактаб фарроши М.А иш жараёнида меҳнат интизомига риоя қилмаганлиги, хусусан 2019 йил 11, 12, 13 июль ва 1 август кунлари жами икки ойда 4 кун ишга сабабсиз келмаганлиги сабабли меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирилган.

Мактабнинг 2019 йил июль-август ойларида юритилган табелларида ҳам М.А.нинг ишга келмаган кунлари қайд этилган.

Иш берувчининг 2019 йил 23 августдаги тақдимномаси билан мактабнинг касаба уюшмаси қўмитаси раиси У.Н.га М.А билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида розилик бериш сўралган.

Мактаб касаба уюшмаси қўмитасининг 2019 йил 29 августдаги жавоб хати билан тақдимнома юзасидан М.А.га нисбатан огоҳлантириш бериш лозимлиги, юқоридаги ҳолатлар такрорланса, меҳнат шартномаси бекор қилинишига розилик берилиши маълум қилинган.

Меҳнат кодекси 101-моддасининг 1-қисмига кўра, башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди.Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга эканлиги, давлат меҳнат ҳуқуқини кафолатлаб ҳар бир шахсга меҳнат шароитлари яратиб бериши, ишсизликдан ҳимоя қилиш мажбуриятини олиши, меҳнатга яраша ҳақ тўлаш қонун билан кафолатланиши ҳамда амалдаги қонунларга асосан ҳеч ким асоссиз ишдан бўшатилиб юборилиши мумкин эмаслиги каби инсонларнинг зарурий ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилган.

Кундалик ҳаётимизда меҳнат ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ масалалар учраб туради, бунинг асосий сабаби бўлиб иш берувчи ёки ходимнинг меҳнат қонунчилигига тўлиқ амал қилмаслиги, меҳнат шартномаси амалдаги қонунчилик талабларига жавоб бермаслиги ва баъзан кишиларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўғри тушуниб етмаслигини ҳисобланади.

Меҳнат муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йилдаги қарори билан тасдиқланиб, 1996 йил 1 апрелдан кучга киритилган Меҳнат кодекси билан тартибга солинади.

Меҳнат шартномаси қонунга монанд, яъни Меҳнат кодексининг                     72-моддаси талаблари асосида тузилган бўлиши лозим. Ушбу модда талаби бўйича меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек, меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир.

Ходим ва иш берувчи меҳнат шартномасининг тарафлари бўлиб ҳисобланадилар. Меҳнат шартномасини тузиш ҳақидаги келишувдан олдин қўшимча ҳолатлар (танловдан ўтиш, лавозимга сайланиш ва бошқалар) бўлиши мумкин. Ходим ўриндошлик асосида ишлаш тўғрисида, башарти бу қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бўлса, меҳнат шартномалари тузиши мумкин.

Меҳнат шартномаси - тарафлар келишуви ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланади. Меҳнат шартномасида тарафларнинг келишуви билан қуйидагилар белгиланади:

- иш жойи (корхона ёки унинг бўлинмаси);

- ходимнинг меҳнат вазифаси — мутахассислиги, малакаси, у ишлайдиган лавозим;

- ишнинг бошланиш куни.

Меҳнат шартномалари: номуайян муддатга; беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга; муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин. Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.

Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг розилигисиз муайян муддатга, шунингдек, муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб қайта тузилиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, меҳнат шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозимлиги ҳам қонун томонидан мустаҳкамланган. Меҳнат шартномасининг шакли Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган намунавий шартномани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Меҳнат шартномаси бир хил кучга эга бўлган камида икки нусхада тузилади ва ҳар бир тарафга сақлаш учун топширилади.

Меҳнат шартномасида тарафларнинг манзиллари кўрсатилиши шарт. Ушбу ҳужжат ходим ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг имзолари билан мустаҳкамланиб, имзоланган муддати қайд этиб қўйилади. Мансабдор шахснинг имзоси имзонинг ҳақиқий ваколатли эканлигини таъкидлаш тариқасида корхона муҳри билан тасдиқланади.

Меҳнат шартномасининг тузилиши, ўзгартирилиши, бекор қилинишига оид қоидалар Меҳнат кодексининг 97- моддасида белгиланган.

Меҳнат шартномаси қўйидаги ҳолатларда бекор қилиниши мумкин: тарафларнинг келишувига кўра бунда меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин; тарафлардан бирининг ташаббуси билан; муддатнинг тугаши билан; тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган ҳолатларга кўра; янги муддатга сайланмагани (танлов бўйича ўтмагани) ёхуд сайланишда (танловда) қатнашишни рад этгани муносабати билан.

Меҳнат кодексининг 99-моддасида меҳнат шартномасини ходим ташаббуси билан бекор қилиш асослари кўрсатилган. Унга кўра, ходим номуайян муддатига тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сунг ходим ишни тўхтатишга хақли, иш берувчи эса, ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт. Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувига биноан, меҳнат шартномаси икки ҳафталик муддат тугамасдан олдин ҳам бекор этилиши мумкин.

Амалиётда иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси бекор қилинишида Меҳнат кодексининг 97-моддаси ҳамда 99-моддасини асос сифатида кўрсатишда хатоликларга йўл қўйилмоқда.

Меҳнат кодексининг 97-моддасига кўра, меҳнат шартномасини бекор қилишда тарафларнинг келишуви, бирининг ташаббуси, муддатнинг тугаши, тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра амалга оширилади.

Меҳнат кодексининг 99-моддасига кўра эса, меҳнат шартномасини бекор қилишда ходимнинг ташаббусига кўра, икки ҳафталик огоҳлантириш муддати ассосий мезон бўлиб, бу ҳолатда ходим ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини икки ҳафта муддат давомида қайтариб олиши мумкин бўлади.

Ишдан бўшаш ҳақида ариза берилгандан сўнг икки ҳафталик муддат тугаган ва ходим меҳнат муносабатларини давом эттирган бўлсада, ходим ушбу ишдан бўшатилган бўлса, ишига тикланиши лозим.

Суд Жамоа шартномасида касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олиш лозимлиги назарда тутилганлигини, бироқ иш берувчи томонидан М.А билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда бундай розилик олинмаганлиги сабабли иш берувчининг буйруғини ғайриқонуний деб топиб, буйруқни бекор қилиш ва ходимни вазифасига ишга тиклаш ҳақида қарор қилган.

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, меҳнат шартномаси қонунларга тўлиқ амал қилиниб тузилган бўлса, у иш берувчига ҳам, ходимга ҳам ҳеч қандай муаммо туғдирмайди ва натижада ўз-ўзидан меҳнат низолари ҳам келиб чиқмайди.

Бунинг олдини олиш учун албатта меҳнат қонунчилиги кенг омма ўртасида кўпроқ тарғиб этилиши лозим. Айниқса, меҳнат қонунчилигини раҳбарлар, корхона ва муассасада ходимлар билан ишлайдиган мутахассислар мукаммал билишлари лозим.

Г. Олимова,  Фуқаролик ишлари бўйича

Сирдарё вилоят судининг судьяси