Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

ЮГУРМАСДАН ИШ БИТИРИШ ЛАЪНАТ ОЛИШДАН ОСОНМИ?


Ҳикоят қиладиларким, бир куни Ҳазрати Умар (р.а) сув тўлдирилган мешни орқалаб келарди. Ўғли отасини бу аҳволда кўриб:

-Нега бундай қилдингиз, отажон? Биз олиб келар эдик, - деди.

Ҳазрат Умар (р.а.):

-Нафсим ҳаддан ошиб кетгандай бўлди. Ич-ичимдан ҳаддимдан ошиб кетаётгандай ҳис этдим. Нафсимни залил этмоқ, қийнамоқ учун шундай қилдим, - деди.

Ростини айтинг, кейинги пайтда Сиз ҳам ўз нафсингизнинг ҳаддан ошаётганини сезмадингизми? Нафсингиз ўзини қаноатлантириш учун Сизни қинғир йўлларга бошламаяптими?

Мустақил Ўзбекистонимиз ривожланиб боргани сайин аҳолининг фаровонлиги ортмоқда. Бугун энг замонавий русумдаги телевизор, совуткич, кир ювиш машинаси ва бошқа электр маиший анжомлар, автомашиналар мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган, яхши яшашга ҳаракат қилаётган ҳамюртларимизнинг хонадонларида ҳам бор.

Аммо, баъзан ҳамюртларимизнинг ҳар қандай йўл билан ўз оиласи фаровонлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатини кўриб, кишининг дили ранжийди. Баъзан камбағалларга ажратилган уйлар олдида турган яп-янги, сўнгги русумдаги автомашиналар кишига ғалати туюлади. Минг қасам ичиб, таниш-билиш, қариндошларининг йиллаб йиққан "пешона тер"ини олиб, ўз нафси йўлида сарфлаб юбориб, қочиб юрганларни кўрганда қалбингизни нафрат эгаллайди.

Баъзан акси - ишини битириш учун кимгадир пора "тиқиш" дардида пул кўтариб югуриб юрган ҳамюртларимиз аччиғингизни келтиради. Ахир шунақа, ҳужжат қилишга эриниб ёки йўл-йўриғини сўрашга уялиб, пора беришни афзал кўраётган фуқаролар ўзлари гуноҳга бота туриб, яна бир инсонни гуноҳ томон етаклаётганини билишармикан? Ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ортидан жиноий жавобгарликка тортилиши, пора олган амалдорнинг оиласи ҳам қон қақшаб қолиши мумкинлигиничи?

Бугунги кунда мамлакатимизда ҳукм сураётган ошкоралик муҳитида жамиятда учраётган салбий иллатлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари ўзи ҳам бир неча бор йиғилишларда рўй берган салбий ҳодисалар ҳақида у ёки бу хабарни ижтимоий тармоқлар орқали ўқиганини таъкидлайди.

Коррупция мавзуси, айниқса, "Facebook" ижтимоий тармоғидаги турли гуруҳларда кескин муҳокама қилинади. Муҳокама қилинаётган мавзуда суд ҳукми чиқмасдан олдин одамлар ҳукм чиқариб бўлишади.

Албатта, бугунги кунда Жамоатчилик назорати жуда кучли олиб борилаётганини тан олиш керак. Олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот туфайли бугунги ҳамюртларимиз бундан атиги 5 йил илгариги юртдошларимиздан кескин фарқ қилади. Коррупция ҳолатларига дуч келган фуқаролар бугун нафақат коррупционерлар устидан Ички ишлар ва прокуратурага мурожаат қилишмоқда, балки ижтимоий тармоқларда баралла бонг урмоқдалар. Коррупциянинг турли хилдаги кўринишларини халқимиз нафрат билан қарши олмоқда.

Аммо, барибир, ҳуқуқий саводхонликни юксак даражага кўтарилди, дея олмаймиз. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларациясининг 11-моддаси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пактнинг 14-моддаси, ЖПКнинг 23-моддасида назарда тутилган айбсизлик презумпциясига мувофиқ, жиноят содир этишда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча, у айбдор деб ҳисобланмайди. Бу ҳолатда ёзилаётган постлар инсон ҳуқуқларига путур етказаётганлиги, шаъни ва қадр-қимматини оёқости қилаётганлигини ҳамма ҳам англаб етмайди.

Шу билан бирга, баъзи ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари коррупция ҳолатларига ўзлари йўл қўйиб беришмоқда. Пора билан битмаган ишни ижтимоий тармоқларда босим қилиш орқали битиришга уринаётганлар ҳам йўқ эмас.

Аҳоли ўртасида доимий кузатганим - бу кўпчилигимизнинг ҳужжатлар йиғишга, ўзи дуч келган муаммонинг ҳуқуқий оқибатларини ўрганишга эринчоқлик қилишидир. Кўпчилик "югуриб юргандан кўра" қабилида иш тутишни осон билади. Ишимиз битмай қолса борми? Ҳайрон қолдирадигани, ҳуқуқий билим ёки ҳуқуқий маслаҳат талаб қилинадиган масалада, муаммо омма ўртасига ташланади, ваҳоланки, ижтимоий тармоқларда Адлия вазирлигидан тортиб, туман(шаҳар) адлия бўлимлари, қолаверса, барча ҳуқуқ-тартибот органларининг саҳифалари мавжуд. Ўзбекистон Адвокатлар палатаси ҳамда барча қуйи тузилмаларининг ҳам саҳифалари ва гуруҳлари ишлаб турибди. Бепул ҳуқуқий маслаҳатни "Мадад" ННТ дан ҳам олиш мумкин.

Шу ўринда коррупцияга дуч келган интернет фойдаланувчиларига Адлия вазирлиги томонидан ишга туширилган @antikorbot боти, advice.uz ҳуқуқий портали жуда қўл келиши мумкин.

"Биз коррупция ва манманликни йўқотсак, ҳаммаси яхши бўлади. Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз", деган эди Президентимиз ўзининг Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида.

Мақоламнинг бошида бежизга ровийлардан ҳикоят келтирмадим. Поранинг суннатда ҳаром қилингани борасида ҳадислар жуда кўп. Улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу қарғишларидир: "Пора берувчига ҳам, пора олувчига ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин!". Яна ул зоти бобаракот: "Пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам, иккови орасида юриб порада воситалик қилувчини ҳам Аллоҳ лаънатласин!", деганлар. Бундай ҳадисларни "ал-Жомеъ ас-сағир"да "лом" ҳарфи бобидан топиш мумкин.

Шунга қарамасдан, нафс йўлида Аллоҳдан қўрқмайдиган баъзи нокаслар ўз қилмишлари билан давлат ва жамият шаънига доғ тушираётганлиги барчамизни коррупция ва порахўрлик иллатига қарши курашишда бирлашишга чорлайди.

Зебо Ҳайдарова,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғиботва маърифат бўлими бошлиғи