Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

Нафс йўлига кирган киши расво бўлур...


Ижтимоий тармоқларда бир постни ўқиб қолдим: “Бизда пора роддомдан бошланади врачга бер, акушерга бер, кейин боғчага заведущийга бер воспитателга бер. Айтмоқчи, хозир янги “закон” чикариб олишган булар, банкдан ўз ҳисобига рақам очтирволишган, қўлиздан олишмайди, личный счётига бориб ташлайсиз. Мактабдаям шу аҳвол. Директор, заведущийлар “Лассети”, “Каптива”ларда юришади. Кейин институтларни гапирмасаям бўлади. Бир жойга борсангиз пулсиз ишингиз битмайди”. 

Афсуски, ана шундай чакиртиканаклар ҳали ҳамон орамизда бор. Бироқ, ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билган инсон пора бермайди, иймони, виждони, орияти бор одам пора олмайди.

Халқимизда, “Пора олганнинг бир юзи қора, пора берганнинг икки юзи”, деган мақол бор. Демак фақат пора олган кимса эмас, пора берган кимса ҳам икки ҳисса гуноҳкор бўлади. Амалдаги қонунларимизда ҳам ҳар иккаласи жавобгар экани айтилади.

Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-1-моддасига мувофиқ, давлат хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши ҳамда давлат хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

Амалдаги Жиноят кодексининг 213-моддасида пора олганлик, пора берганлик ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жиноий жазолар белгиланган:

Хусусан, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш тегишли ҳолатлар мавжуд бўлганида ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Коррупцияга қарши курашда бундай жазолар мавжудлигининг ўзи етарли эмас. Бу борада жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш лозим. Яъни пора олган, берган ёки воситачилик қилган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт. 

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса мавқеи, ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва бошқарув тизимидан қатъий назар барча мамлакатларда учрайди.

Transparency International халқаро назорат органининг маълумотларига кўра Швейцария дунёдаги энг кам коррупциялашган давлатлар рўйхатида туради. Мамлакат турмуш даражаси, бизнес юритиш шароитлари ва молиявий тизим шаффофлиги туфайли турли рейтингларда етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Эътиборлиси, Швейцарияда халқаро ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича бўлими фаолият олиб боради. Коррупцияга қарши курашиш масаласи Швейцария давлат сиёсатининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Швейцария 2003 йилда Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Коррупцияга қарши Конвенциясини ратификация қилди. Конвенциянинг 20-моддасида қайд этилганидек, "агар мансабдор шахснинг даромади сезиларли даражада ошган бўлса, у ушбу даромаднинг қонуний манбаси борлигини исботлаши керак". Швейцария давлатининг Жиноят кодексига жиноий ташкилотга кирган ёки уларнинг фаолиятини қўллаб-қуввалаётган шахсларнинг даромадлари қонунийлигини исбот этиш тартиби киритилган.

Бундан ташқари, Швейцарияда хусусий секторда коррупциянинг олдини олиш “Адолатсиз рақобат” тўғрисидаги Қонун билан тартибга солинади. Учинчи томон воситачилигида пора билан сотиб олиш Швейцария қонунчилигида 5 йилгача қамоқ жазоси билан жазоланади.

Жаҳон ҳамжамиятида Швейцария ўзининг "солиқдан қочиш бандаргоҳи"га айланмаслиги ҳамда " бир кунлик ёки ишончсиз фирма"ларга бўлган муносабати билан ажралиб туради. Ушбу давлатда молиявий воситачилар орқали ноқонуний "пул ювиш" ва шундай деб топилган тақдирда маблағларни қонуний эгасига қайтариш бўйича назорат кучайтирилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш борасида мамлакатимизда ҳам мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган.

Жумладан, коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини ошириш мақсадида 2019 йил 27 май куни имзоланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5729-сон “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ана шундай эзгу мақсадлар учун хизмат қилади.

Муҳтарам Президентимиз Олий Мажлисга мурожаатномасида жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлаётгани, ҳамда бу борадаги ишлар самарадорлигини таъминлашда,турли иллатлардан холи, фаровон, одил жамиятни қуришда энг муҳим “ричаг” - ҳар биримиз ўзимизни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашимиз кераклигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, ҳалоллик миллатга азоб бериб келаётган дардга малҳамдир. Юқорида келтирилган пост ҳам қайсидир маънода халқ дарди. Шу боис, ҳар биримиз баъзан биз бошқара олмайдиган нафсимизга қарши тура олишимиз лозим. Ана шунда, руҳимиз, виждонимизни муолажа қилган бўламиз.

Дилноза Умрзоқова,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси