Боғланиш

Телефон
(+998 67) 225-00-93

Электрон манзил
sirdaryo@adliya.uz

Ҳабарни юбориш
Ишонч телефони 1008

Янгиликлар

18

НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАР: МАВЖУД ИМТИЁЗ ВА МУАММОЛАР


  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 45-моддасида вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат ҳимоясида эканлиги белгилаб қўйилган

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ногиронлик нафақат алоҳида олинган фуқаронинг, унинг оиласи, қариндош-уруғларининг, балки давлат ва жамиятнинг олдида турган долзарб муаммо ҳисобланади. Ногиронлиги бўлган шахс – у хоҳ болакай ёки катта ёшдаги инсон бўлмасин, жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиб, ўқиб, билим олиш, муайян касб эгаллаш, меҳнат қилиб, даромад топиш, оила қуриб, фарзандларни тарбиялаш, кексайганда эса, қилган меҳнатларининг роҳатини кўриш, кексалик гаштини суришга ҳақлидир.

Ногиронлик белгилари бўйича фуқароларни камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ғурурлари ва шахсий эркинликларини ҳурмат қилиш, ҳуқуқ ва озодликларини таъминлашда уларнинг жамиятимизнинг бошқа аъзолари қатори тенг ҳуқуққа эга эканликларини таъминлаш, ногиронлиги бўлган болаларнинг аста-секинлик билан ривожланаётган имкониятларини, уларнинг шахсий хусусиятларини ҳурмат қилиш, атроф муҳитда эркин ҳаракатлана олишлари, ўқиш, касб эгаллашлари, меҳнат қилишлари, спорт ва маданий тадбирларда фаол иштирок этишлари, мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдалана олишлари, жамият ҳаётида эркин ва тўлақонли иштирок этишларини таъминлаш масалалари бугунги куннинг долзарб муаммолари ҳисобланади.

Мана шу каби ҳолатларни инобатга олган ҳолда Президентимиз томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни меҳнат фаолиятига кенг жалб қилиш орқали ҳаёт сифати ва даражасини ошириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, бозор иқтисодиёти шароитида ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаётган корхоналарнинг барқарор фаолият юритишини рағбатлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Молия вазирлиги, Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ва Ўзбекистон карлар жамияти (кейинги ўринларда — ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари)нинг ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифига кўра, қуйидагилар кўзда назарда тутилган.

Биринчидан, ишловчилари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат ва ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар:

юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаш ва тўлашдан озод қилинади;

солиққа тортиладиган ерлар бўйича юридик шахслардан олинадиган, ер участкасининг жойлашган ўрнига қараб белгиланган ер солиғи ставкасига нисбатан 0,1 пасайтирувчи коэффициенти қўлланган ҳолда тўлайди.

Иккинчидан, Давлат буюртмачиларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ишловчилари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат ва ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахсларнинг товарлари (ишлари, хизматлари)ни харид қилиш учун квоталар тақдим этилиши вазифа қилиб қўйилган.

Бугунги кунда дунё мамлакатларини, шу жумладан Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаётган COVID-19 короновирус пандемияси шароитида синовли кунларда ўзбек халқи бирдам ва ҳамжиҳат бўлиб, елкама-елка туриб, ушбу касалликни биргаликда енгиб ўтмоқда. Айниқса, мамлакатимизда моддий жиҳатдан қийналиб келаётган минглаб ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланганлар ҳамда боқувчисини йўқотганларга давлатимиз билан бир қаторда халқимиз томонидан хайрия ва саҳоват ёрдамлари кўрсатилиб келинаётганлиги жуда бир қувонарли ҳолатдир.

Аммо, шу билан бирга, бугунги кунда кўп учраётган саволлардан бири “ногиронлиги кўриниб турган одам қайта тиббий кўрикдан ўтиб буни тасдиқлатиши шартми?” деган саволни юзага келтирмоқда. Бу аслида шарт бўлмаса ҳам амалдаги тартиб бўйича ногиронлар тиббий кўрикдан ўтиб, овора бўлмоқда. Сенат раиси Танзила Норбоева куйиб-пишиб айтганидек, “оёғи ёки қўли йўқ ногироннинг шу аъзоси қайта ўсиб чиқмайди-ку?!”.

Ҳозирча, соҳада камчиликлар ва ечимини кутаётган муаммолар сақланиб қолмоқда. Жумладан, ногиронликни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлашнинг самарали механизми йўлга қўйилмаган. Фуқароларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ишларининг тизимли йўлга қўйилмаганлиги оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар сони сўнгги уч йилда 9 фоизга ошганлиги маълум қилинмоқда.

Бу эса, ўз-ўзидан соҳада коррупция аломатлари юзага келаётганлигидан далолат беради.

Ўйлаймизки, ҳозирги кунда муҳокамада бўлган 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни бир марталик тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича қонун ҳужжати лойиҳаси амалиётга тадбиқ қилинса, ушбу муаммолар ўз-ўзидан бартараф этилади.


И.Маматов, Нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлими катта маслаҳатчиси