Оила бахти - бола саломатлигида

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири - оила институтини мустаҳкамлаш орқали жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук авлодни тарбиялаш ҳисобланади. Чунки, соғлом бола мустаҳкам ва аҳил оилада камол топади, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, одамийлик, меҳр-муҳаббат, ўз Ватанига, халқига садоқатли бўлиш каби олий-жаноб фазилатлар ҳам айнан ушбу масканда шаклланади.

Азалдан болажон халқмиз. Ҳар бир ота-она учун ҳаётларининг бахтли онлари асосан фарзандлари билан боғлиқдир. Шундай экан, фарзандлар соғлиги улар учун бахтнинг тожи ҳисобланади.

Маълумки, 2014 йил муҳтарам Юртбошимиз томонидан “Соғлом бола йили” деб эълон қилинди. Бунинг замирида жуда теран маъно, беқиёс вазифалар, кенг қамровли изчил тадбирлар ётибди.

Аксарият кишилар соғлигидан шикоят қилмаган болани соғлом деб ўйлашади. Аслида соғлом бола қандай бўлиши керак?

Соғлом бола деганда, фақатгина болада хасталикнинг йўқлиги эмас, балки Президентимиз айтганларидек, унинг жисмонан бақувват, маънан ва руҳан тетик, имон-эътиқоди бутун бўлиши ҳам назарда тутилади. Шу боисдан ҳам “Соғлом бола йили” Давлат дастурида биринчи навбатда, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилада соғлом муҳитни кучайтириш, уларнинг иқтисодий ва маънавий асосини мустаҳкамлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Дарҳақиқат, “Соғлом бола йили”да ишларимиз кўлами янада кенгаяди. Биринчидан, маҳаллани аниқ йўналтирилган асосда оқилона ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, оилаларга кўмаклашиш, “Оила - маҳалла - таълим муассасаси” ҳамкорлигини кучайтириш ҳамда “Ота-оналар университетлари”, фуқаролар йиғиншлари ҳузуридаги жамоатчилик комиссиялари фаолиятини бугунги кун талаблари даражасида йўлга қўйиш долзарб ҳисобланади.

Иккинчидан, оила институтини янада мустаҳкамлаш ва жамият фаровонлигини таъминлаш учун ота-она ибратини кучайтириш лозим.

Учинчидан, оила қуриш арафасида турган йигит-қизларга тўғри йўналиш ва оила маънавияти тўғрисида керакли маслаҳатларни ўз вақтида бериш лозим.

Келин-куёвлар нафақат зарурий маълумотларни олиш, балки сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига ҳам эгадирлар. Бу ҳуқуқ аёлларга ҳомиладорлик даврида сиҳатсаломатлик, эр-хотинга эса соғлом фарзандларни тарбиялаш имконини беради. Ҳар бир инсон ўзининг репродуктив саломатлигини доимий назорат қилиши лозим. Репродуктив ҳуқуқ эса эр-хотиннинг онгли равишда ўз фарзандлари сонини режалаштириш, уларнинг туғилиш вақтини, туғруқ оралиғини белгилаш билан бирга жамиятда соғлом оилаларнинг шаклланишига хизмат қилади.

Зеро, оилалар мустаҳкам ва аҳил бўлар экан, бундай муҳитда улғайган фарзандларимиз соғлом, албатта, юртим, Ватаним, дейдиган комил инсонлар бўлиб вояга етадилар.

Манзура Акромова, Сирдарё туман ФҲДЁ бўлими мудираси 


Рўйҳатга қайтиш