Фарзандингиз кимга тақлид қилади?

Мамълумки, 2014 йил мамлакатимизда «Соғлом бола йили» деб эълон қилинди. Чунки соғлом келажакни фақатгина соғлом авлод барпо этади. Соғломлик тушунчаси фарзандларни нафақат жисмоний ва руҳий, балки маънавий жиҳатдан ҳам ҳеч қандай нуқсонсиз улғайишини ўзида ифода этади.

Соғлом бола соғлом муҳитли оилада улғаяди. Шунинг учун ҳам Шарқда азал-азалдан оилага жамият таянчи ва қўрғони сифатида қаралади. Ота-оналарнинг миллий қадриятлар, аждодлардан қолган бой маънавий мерослар билан фарзандларининг қалб ва онгини тарбиялаши ўзлигини англаган шахс истиқболидан дарак.

Бугун юртимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайиши учун қилинаётган кенг миқёсли ишларга барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Айниқса, ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ишларни алоҳида эътироф этиб ўтиш лозим. Оилавий муҳитни соғломлаштириш эса мана шу дастурнинг асосий қисмларидан бири ҳисобланади.

Дунёқараш кишида ўз-ўзидан шаклланиб қолмайди ёки инсон шахс бўлиб туғилмайди. Унинг шаклланадиган асосий даври ўсмирлик йилларига тўғри келади. Фарзанд ўсмирлик даврида ота-онанинг қарамоғида бўлади. Мана шу жиҳатни эътиборга олсак, яна шахс тарбияси жараёнида оиланинг тутган ўрни нечоғлик долзарблиги ойдинлашади. Зеро, муқаддас китобларда ҳам инсоннинг қандай фазилатлар соҳиби бўлиб улғайишида ота-она тарбиясининг тутган ўрни беқиёслиги ҳақида батафсил гапирилади.

«Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида ёш авлод келажаги учун кўплаб хайрли ишлар белгилаб олинган бўлиб, уларнинг амалдаги ижроси самарали бажарилаяпти. Ота-оналардан эса талаб этиладигани-оилавий муҳитни соғломлаштириб, болаларга кўпроқ эътиборда бўлишдир.

Дарҳақиқат, бола ҳамма нарсага қизиқувчан, интилувчан бўлади. У нимани кўрса, ўша нарсани ушлагиси ёки ўша ишни бажаргиси, нимани эшитса, ўша гапни гапиргиси келади. Ана шундай тарзда ҳали шаклланмаган онгини атроф-муҳитидаги вазиятлардан келиб чиққан ҳолда тўлдириб боради. Айни шу вақтдан бошлаб, ота-оналарнинг зиммасига, фарзандларининг қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг онгига фақатгина керакли бўлган ахборотларнигина сингдириш, дунёқарашини ножўя таъсирлардан ҳимоя қилишдек юксак масъулият юкланади. Бунинг учун ота-оналар фарзандларига эътиборли бўлсалар, унинг тарбияси билан ўз вақтида шуғуллансалар бас.

Бугунги кунда таълим-тарбия масаласи жиддий ёндошувни талаб этади. Айрим ота-оналарнинг фарзандларига тўғри тарбия бера олмаётганликлари ва бунга бефарқликлари туфайли жамиятимизда мустақил фикрлайдиган, иқтидорли ёшлар билан бир қаторда, ҳеч бир ишга нафи тегмайдиган ёшларнинг борлиги ачинарлидир.

Ҳозир "Интернет кафеларга кирсангиз, бўйи компъютерларга зўрға етадиган болаларнинг ҳам турли хил ўйинлар ўйнаб ўтирганини кўрасиз. Компьютерлардаги ўйинларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етмайдилар, лекин бир-биридан хунук ур-йиқит ўйинлар, албатта, уларнинг тарбиясига ўз таъсирини кўрсатмай қўймайди. Ҳали шаклланиш босқичида турган "янги", "тоза" онгида қора доғлар ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Шундай экан, нима учун ота-оналар фарзандларининг қилаётган ишларини назорат қилмайдилар, қачон, қаерда, кимлар билан юрганидан хабардор бўлмайдилар? Нима учун фарзандига пул бераётганида уни нимага сарфлаётганлигини сўрамайдилар? Ахир бунинг оқибати эртага ўзи учун ҳам, жамият учун ҳам салбий натижаларни келтиради-ку!

Вақти келиб фарзандлари ортидан ножўя гаплар эшитганларида, нигоҳлари ерга қадалиб ўйлаб қоладилар: "Қаерда адашдим, боламга тарбия беришда қандай хато қилдим?". Буларнинг барчаси эътиборсизлик натижасида юзага келганлигини афсуски кеч англайдилар. Шунда айбни мактабдан, устозлардан қидира бошлайдилар. Хўш, унда бола кимдан тарбия олади? Кўчадаги воқеа-ходисаларданми ёки сериалларданми? Балки атроф-муҳит таъсирида ўз-ўзидан тарбияси шаклланиб қолар? Сиз ҳам бир ўйлаб кўринг-чи! Ҳар бир фарзанд тарбиясига ота-она масъулдир. Бу айни ҳақиқат. Чунки бола мактабда кўпи билан 6-7 соат бўлади. Қолган вақтида устозлар уларни кузатиб юришга мажбур эмаслар. қуш уясида кўрганини қилади, дейди доно халқимиз. Уйда муҳит қандай бўлса, тарбия шунга мос бўлади.

Шундай экан, азиз ота-оналар фарзандингиз тарбиясига бефарқ бўлманг!

Матлуба УММАТҚУЛОВА, Гулистон туман ФҲДЁ бўлими мудираси.


Рўйҳатга қайтиш