Туман (шаҳар) “ягона дарча” марказлари томонидан тадбирколик субеъктларига қандай давлат хизматлари кўрсатилади?

Ф.Хосилбеков, Ширин шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2016 йил 1 январдан бошлаб16 турдаги давлат хизматлари туман (шаҳар) “ягона дарча” марказлари томонидан 16 турдаги давлат хизматлари кўрсатилади.

1) Бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишиш.

2) Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат бериш.

3) Қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсат бериш.

4) Ер участкасини давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома.

5) Биноларга, иншоотга, кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказиш.

6) Юридик шахслар бино-иншоотларининг ипотека тўғрисидаги шартномалари ва ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш.

7) Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаси.

8) Умумий овқатланиш корхоналарида алкоголли маҳсулотларни сотиш учун рухсат гувоҳномаси.

9) Сайёр савдога рухсат бериш.

10) Ташқи рекламани жойлаштиришга рухсат бериш.

11) Турар жойларни нотураржой тоифасига ўтказиш ҳақида қарор.

12) Ер ости бойликлари участкасидан фойдаланишда бузилган ерлар қайта тикланганлигини тасдиқлайдиган хулоса.

13) Ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсат бериш.

14) Махсус сувдан фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсат бериш.

15) Муҳандислик тармоқларига тугалланган ҳолда улаш. (Сув таъминоти ва сув-оқова тармоқларига, газ таъминоти тармоқларига, иссиқлик манбаи, телекоммуникация тармоқларига тугалланган ҳолда улаш.

16) Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатнома.

Савол: Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишга руҳсатнома олиш учун қанақа ҳужжатлар талаб қилинади.

Ф.Хосилбеков, Ширин шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 16 мартдаги қарори билан тасдиқланган “Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 5-бандида алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олиш учун юридик шахсларга қуйидаги талаблар қўйилиниши белигиланган.

Рухсат гувоҳномасини олиш учун ариза берилган пайтда шаҳарларда энг кам ойлик иш ҳақининг камида 100 баравари миқдорида ва қишлоқ жойларда ҳамда чекка тоғли туманларда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробари миқдорида шаклланган устав фонди мавжуд бўлиши.

Шаҳарларда алоҳида кириладиган ва камида 25 квадрат метрли, қишлоқ жойларда камида 15 квадрат метрли савдо зали майдони бўлган (фақат алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишга мўлжалланган), чекка тоғли туманларда алоҳида савдо секцияси бўлган, алкоголли маҳсулотларни сақлаш ва сотишнинг санитария нормалари ва қоидаларига (шу жумладан назорат-касса машиналарини ва банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш шартларига, моддий бойликлар тўлиқ даражада сақланиши таъминланишига) мувофиқ бўлган омбор бинолари ва асбоб-ускуналари бўлган ўзининг ёки ижарага олинган турғун савдо шохобчаси мавжудлиги.

Турғун савдо шохобчаси таълим, спорт ва диний муассасалардан радиуси камида беш юз метр масофада жойлашганлиги.

Савдо шохобчалари жамоат транспорти тўхташ жойларида, шу жумладан метрополитен бекатларида, жамоат жойларида ва дам олиш жойларида, даволаш-профилактика ва спорт-соғломлаштириш муассасалари ҳудудида, ушбу муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ошхоналарида, шунингдек аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автостанцияларга туташиб кетган жойларда жойлашмаганлиги.

Юридик шахс томонидан алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган махсус фойдаланиладиган, ҳимояланган фискал хотирали назорат-касса машинаси ва банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминаллари мавжудлиги.

Савол: Тадбиркорлик субеъктига электр таъминотини фойдаланишга қабул қилиш ишлари тугаллангандан кейин қандай ҳужжатлар берилади.

Ф.Хосилбеков, Ширин шаҳри

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 19-бандига асосан ҳудудий электр тармоқлари корхонаси тадбиркорлик субъектига қуйидаги ҳужжатларни бир нусхадан беради.

техник шартлар;

ташқи электр таъминоти лойиҳаси;

ҳисобга олиш приборларини текшириш ва пломбалаш далолатномаси;

қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ҳужжатлари;

электр таъминоти шартномаси.

Саволларга Сирдарё вилоят адлия бошқарма масъул ходим Б.Назаров жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш