Мол-мулкка тақиқ қўйишдан мақсад нима?

Б.Икрамов, Гулистон шаҳри

Жавоб: Мол-мулкка тақиқ қўйиш, авваламбор мулкни қайтариш кафолатини таъминлаш тарзида амалга оширилиб, унда қарз берувчининг мулкни қайтариб олишига ишончини ошириш ва тақиққа қўйилган мулк қарзга нисбатан гарант бўлиб туриши қўзланади.

Савол: Тақиқ билан боғлиқ масалалар нималардан келиб чиқади?

Б.Икрамов, Гулистон шаҳри

Жавоб: Фуқаролик муносабатларида гаров (ипотека), қарз ва бошқа шартномалар билан боғлиқ жараёнларда келиб чиқади.

Савол: Фуқаролик қонунчилигида гаров нарсаси сифатида тақиқ нималарга қўйилади?

Б.Икрамов, Гулистон шаҳри

Жавоб: Ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров нарсаси бўлиши мумкин, муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талабномалар, хусусан ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар.

Савол: Гаровга қўйилган мол-мулкка тақиқ қўйилганидан кейин ҳам қўшимча равишда гаровга қўйилиши мумкинми?

Б.Икрамов, Гулистон шаҳри

Жавоб: Агар гаровга қўйилган мол-мулк бошқа талабларни таъминлаш учун яна бир гаров нарсасига айланса (навбатдаги гаров), навбатдаги гаровга олувчининг талаблари олдинги гаровга олувчиларнинг талаблари қаноатлантирилганидан кейин ушбу мол-мулк қийматидан қаноатлантирилади.

Агар гаров тўғрисидаги олдинги шартномаларда навбатдаги гаров тақиқлаб қўйилган бўлмаса, навбатдаги гаровга йўл қўйилади.

Гаровга қўювчи ҳар бир навбатдаги гаровга олувчига ушбу мол-мулкнинг мавжуд бўлган барча гаровлари ҳақида маълум қилиши шарт ва у ушбу мажбуриятни бажармаслик туфайли гаровга олувчиларга етказилган зарар учун жавоб беради.

Савол: Мол-мулкка қўйилган тақиқ қай тартибда юритилади?

Б.Икрамов, Гулистон шаҳри

Жавоб: Тақиқ базаси туман, шаҳар давлат нотариал идоралари томонидан амалга оширилади. Яъни, мулк жойлашган туман, шаҳар давлат нотариал идоралари томонидан юритилади. Агар белгиланган туман ва шаҳар ҳудудида бир нечта давлат нотариал идоралари мавжуд бўлса, ҳудудий адлия органларининг буйруғи ёки кўрсатмаси билан айнан бир давлат нотариал идорасига такик базасини юритиш юклатилади.

Савол: Кимлар мол-мулкка тақиқ қўйиш ҳуқуқига эгалар?

Б.Икрамов, Гулистон шаҳри

Жавоб: Бунда гаров (ипотека), қарз шартномалари расмийлаштирган нотариуслар, суд, прокуратура органлари, суд ижрочилар бўлинмалари ижрочилари, фуқаролар ва қонунда белгиланган бошқа органлар мол-мулкка тақиқ қўйиш ҳуқуқига эгалар.

Савол: Мол-мулк гаров (ипотека) ёки бошқа шартнома мажбуриятини бажариш учун тақиққа қўйилса мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланадими ёки мулкнинг кейинги тақдири қандай кечади?

Б.Икрамов, Гулистон шаҳри

Жавоб: Мол-мулк шартнома мажбуриятини ёки кредитор мажбуриятини таъминлаш учун тақиққа қўйилган тақдирда, мулкдорда ундан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Фақатгина мулкни эркин тасарруф этиш ҳуқуқи вақтинчалик (мажбуриятни бажариш муддатида) чекланади.

Савол: Гаровга қўйилган мол-мулк йўқолиши ёки шикастланишининг оқибатлари?

Б.Икрамов, Гулистон шаҳри

Жавоб: Агар гаров тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга қўювчи гаровга қўйилган мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан шикастланиши хавфини ўз зиммасига олади.

Агар гаровга олувчи ушбу Кодекснинг 333-моддасига мувофиқ жавобгарликдан озод этилиши мумкинлигини исботлай олмаса, у ўзига топширилган гаров нарсасининг бутунлай ёки қисман йўқолганлиги ёхуд шикастланганлиги учун жавоб беради.

Гаров нарсаси гаровга олувчига топшириш чоғида қанча суммага баҳоланган бўлишидан қатъи назар, гаровга олувчи гаров нарсаси йўқолганлиги учун унинг ҳақиқий қиймати миқдорида, гаров нарсасига шикаст етказилганлиги учун эса - бу қиймат қанча суммага камайган бўлса, шунча сумма миқдорида жавоб беради.

Агар гаров нарсаси шикастланиш натижасида ундан бевосита ўз вазифаси бўйича фойдаланиш мумкин бўлмайдиган даражада ўзгарган бўлса, гаровга қўювчи ундан воз кечишга ва унинг йўқолганлиги учун ҳақ талаб қилишга ҳақли.

Шартномада гаровга олувчининг гаров нарсаси йўқолиши ёки шикастланиши туфайли гаровга қўювчига етказилган бошқа зарарни тўлаш мажбурияти назарда тутилиши мумкин.

Гаров билан таъминланган мажбурият бўйича қарздор бўлган гаровга қўювчи гаров нарсасининг йўқолиши ёки шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш тўғрисидаги талабни гаров билан таъминланган мажбуриятларни қоплаш учун ҳисобга олишга ҳақли.

Савол: Гаров нарсасини алмаштириш ва тиклаш қандай амалга оширилади?

Б.Икрамов, Гулистон шаҳри

Жавоб: Гаров нарсасини алмаштиришга, агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга олувчининг розилиги билан йўл қўйилади.

Агар гаров нарсаси нобуд бўлган ёки шикастланган ёхуд унга бўлган мулк ҳуқуқи ё хўжалик юритиш ҳуқуқи қонунда белгиланган асосларга кўра бекор қилинган бўлса, гаровга қўювчи оқилона муддатда (низо чиққан тақдирда эса - суд белгилаган муддатда) гаров нарсасини тиклашга ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, уни тенг қийматли бошқа мол-мулк билан алмаштиришга ҳақли.

Саволларга Гулистон шаҳар 4-сон ДНИ нотариуси Набижон Бадалов жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш