Танишим ҳозирги кунда чет давлатида вақтинчалик яшаб келмоқда.

Савол:  Ўтган йили у эри билан қонуний никоҳдан ажрашишган. Эри никоҳдан ажрашганлиги ҳақида яшаш жойидаги ФҲДЁ бўлимидан никоҳдан ажралганлиги ҳақидаги гувоҳнома олган, танишим эса аксинча олмаган. Ҳозирги кунда танишим чет давлатида бўлганлиги сабабли нотариал тасдиқланган ишончнома асосида унинг ўрнига мен никоҳдан ажрашганлиги ҳақидаги гувоҳномани олишим мумкинми?

А.Ибрагимова,  Гулистон шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сон қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш” Қоидаларининг 121-бандига мувофиқ, агар никоҳдан ажратиш ФҲДЁ органида томонлардан бирининг аризасига кўра қайд этилган бўлса, у ҳолда далолатнома ёзуви иккинчи томон тўғрисидаги маълумотлар билан тўлдирилади ва никоҳдан ажралганлик тўғрисида гувоҳнома берилади. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги далолатномадаги ёзувларга қўшимчалар киритиш ва никоҳдан ажратилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бериш, шунингдек томонлардан бирининг ишончнома асосида ҳаракат қилувчи ўз вакили орқали берилган аризаси бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда ариза ва ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Савол: Фарзандим чет давлатида туғилди. Унинг туғилганлиги ҳақида ваколатли муассаса томонидан ҳужжат берилди. Мен фарзандимнинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномасини Ўзбекистон Республикасининг гербли гувоҳномасига алмаштирсам бўладими ва бунга қандай ҳужжатлар тақдим этишим керак?

Ф.Юлчиева,  Гулистон шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон фуқароларининг хорижий давлатларнинг ваколатли муассасалари томонидан берилган фуқаролик ҳолатларини тасдиқловчи ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг гербли гувоҳномаларига алмаштирилиши мумкин.

Ҳужжатларни алмаштириш фуқароларнинг ёзма аризаларига кўра доимий яшаш жойларидаги ФҲДЁ органлари томонидан ушбу ҳужжатлар ва уларнинг белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ҳолда таржималари асосида, ҳужжатнинг берилган вақти ва жойини кўрсатган ҳолда ва тикланган далолатнома ёзувларини қайд этиш орқали амалга оширилади.

Саволларга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси  масъул ходими Р.Баходиров жавоб берди.  


Рўйҳатга қайтиш