Кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференциялар тўғрисидаги маълумотларни қандй олиш мумкин?

В.Исламов,  Гулистон шаҳри

Жавоб: Кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференцияларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикасининг интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференцияларнинг ягона реестрида эълон қилинади ҳамда доимий равишда янгилаб борилади.

Ўзбекистон Республикасининг интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференцияларнинг ягона реестрини шакллантириш ҳамда доимий равишда янгилаб бориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Савол: Режадан ташқари текширишлар қандай ҳолларда амалга оширилиши мумкин?

Б.Абдуллаев,  Гулистон шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2006 йил 6 майда 1573-сон билан рўйхатга олинган “Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган,тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 16-бандига асосан режадан ташқари текширишлар (шу жумладан қисқа муддатли текширишлар) назорат қилувчи органлар томонидан "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига биноан уларнинг ўтказилишини асослаб берадиган сабаблар мавжуд бўлган қуйидаги алоҳида ҳолларда амалга оширилиши мумкин:

-текширишларни ўтказиш зарурати Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг қарорларидан келиб чиққанда (агар Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг қарорларида текшириладиган субъект номи аниқ белгиланган бўлса, бунда Кенгаш ёки унинг вилоят комиссияси розилигини олиш талаб қилинмайди);

-назорат қилувчи органга тадбиркорлик субъекти томонидан қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳоллари тўғрисида қўшимча маълумотлар келиб тушганда (корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқаролардан келиб тушган, аниқ далилланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кўрсатилган ахборот қўшимча маълумот бўлиб хизмат қилиши мумкин);

-фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш зарур бўлганда;

-санитария-эпидемиология вазияти мураккаблашганда, шунингдек қўшни давлатлардан юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалиши эҳтимоли вужудга келганда.

Шунингдек назорат қилувчи органларга тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини текширишни сўраб, асослантирилган илтимос билан мурожаат этган тақдирда ҳам режадан ташқари, молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган текшириш ўтказилиши мумкин.

Савол: Миллий қонунчиликка тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар бўйича қандай янги тартиботлар жорий этилди?

Б.Абдуллаев, Гулистон шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар бўйича 2015 йилнинг 1 июлидан қуйидагича тартиб ўрнатилди, яъни унга мувофиқ:

- микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилади;

- молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмайди;

- тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги режали текширувдан кейинги даврни қамраб олади;

- қўзғатилган жиноий ишлар муносабати билан хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъект жалб этган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (хўжалик юритувчи субъект томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиш ҳолатлари бундан мустасно) амалга оширилади;

- Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) биринчи марта содир этган, жиноят аниқлангандан кейин 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа турдаги молиявий санкцияларни тўлаган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилмайди ва у жавобгарликдан озод қилинади.

Саволларга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси  бош маслаҳатчиси А.Хаитов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш