Миллий қонунчилигимда уй-жойни ижарага бериш шартномасининг қандай муддатлари кўрсатилган?

Х.Ахмедова, Ховос тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 612-моддасига кўра уй-жойни ижарага бериш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Агар шартномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у беш йилга тузилган ҳисобланади. Бир йилгача муддатга тузилган уй-жойни ижарага бериш (қисқа муддатли ижара) шартномасига нисбатан.Бир йилдан ортиқ муддатга тузилган уй-жой ижара шартномаси давлат рўйхатидан ўтиши лозим. Ижарага олувчи янги муддатга шартнома тузишда имтиёзли ҳуқуққа эга. Агар ижарага берувчи уй-жойни бир йилдан кам бўлмаган муддатда ижарага бермасликка қарор қилган бўлса, у янги муддатга шартнома тузишни рад қилишга ҳақли.

Савол: Уй-жой ижара шартномани бекор қилишнинг қандай тартиби ва ҳуқуқий оқибатлари мавжуд?

Ж.Солиев, Янгиер шаҳри

Жавоб:Уй-жой ижара шартномаси тарафларнинг ўзаро келишуви ва суд тартибида бекор қилиши мумкин. Уй-жойни ижарага бериш шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинган тақдирда тарафлар бир-биринибир ой аввал ёзма равишда огоҳлантириб, исталган вақтда ижара шартномасини бекор қилишга ҳақли. Уй-жойни ижарага бериш шартномаси бекор қилинган тақдирда, ижарага олувчи ва шартнома бекор қилинган вақтда уй-жойда яшаб турган бошқа фуқаролар суднинг қарорига асосан уй-жойдан кўчириб чиқарилиши лозим.

Савол:Уй-жой ижара шартномани расмийлаштиришда нотариус томонидан қандай хужжатлар талаб қилинади?

Б.Қурбонова Гулистон шаҳри

Жавоб:Уй-жой ижара шартномасини расмийлаштиришда нотариуслар томонидан кўчмас мулкнинг ижарага берувчига мулк ҳуқуқи асосида тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади) нусхаси;

ижарага берилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий рўйхатда турувчи шахслар ҳақида фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан берилган маълумотнома ёки уй дафтаридан кўчирма ҳамда доимий рўйхатга олинган шахсларнинг розилиги;

кўчмас мулк умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки), барча эгаларининг (эр-хотиннинг) розилиги;

васийликдаги шахсга қарашли бўлган кўчмас мулк бир йилдан ортиқ муддатга ижарага берилганда, васийлик ва ҳомийлик органларининг розилиги;

хусусийлаштирилган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ижарага берилганда, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан берилган хусусийлаштиришда розилик берган шахслар ҳақидаги маълумотнома ва уларнинг розилиги талаб қилинади.

Саволларга Ховос тумани ДНИ нотариуси Шириной Қаршиева жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш