Васий ва ҳомийларни танлаш ва васийликка ёки ҳомийликка берилиши керак бўлган шахсларни ҳисобга олиш қандай амалга оширилади?

Н.Ҳайитбоев, Гулистон шаҳри

Жавоб: Қонунда васийлик ва ҳомийлик тушунчаларига изоҳ берилган бўлиб, унга кўра васийлик – ўн тўрт ёшга тўлмаган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли. Ҳомийлик ҳам васийлик каби бир хил тушунча, фақат у ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга қўлланилади.

Васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг ўз вақтида аниқланиши, ҳисобга олиниши ва жойлаштирилишини таъминлаш қонун билан васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгиланган.

Қонуннинг 12-моддасига асосан Туман, шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари, Қонуннинг 13-моддасига асосан туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларин васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган ҳамда васийларга ва ҳомийларга қўйиладиган талабларга мос бўлган шахсларни танлашни ҳамда ҳисобга олишни амалга оширади.

Шунингдек, Қонунниинг 11-моддасида “Васийлик ва ҳомийлик органларининг асосий вазифалари” белгиланган бўлиб, васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва ҳисобга олиш васийлик ва ҳомийлик органларининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 173-моддасига асосан соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ва ўз мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларга бу шахсларнинг илтимосига кўра ҳомийлик белгиланиши мумкин. Шунингдек, Оила кодексининг 174-моддасига асосан васийлик ва ҳомийлик туман, шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади. Васийлик ёки ҳомийлик васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг яшаш жойи бўйича, агар шахс муайян яшаш жойига эга бўлмаса, васийнинг ёки ҳомийнинг яшаш жойи бўйича белгиланади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасиинг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши билан миллий қонунчилигимизда васийлик ва ҳомийлик соҳадаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий асос яратилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, васийлик ва ҳомийлик институтининг такомиллаштирилиши манфаатлари ҳимоя қилинишига муҳтож шахслар қадр-қимматининг кафолатланишига, кишилар ўртасидаги меҳр-оқибат, қадрият ва анъаналарнинг, шунингдек оила муносабатларининг мустаҳкамланишига, ўз навбатида, васийлик ва ҳомийлик билан боғлиқ муносабатларнинг тизимлаштирилиши эса жамиятда ижтимоий бирдамликнинг янада кучайишига хизмат қилади.

Муҳаббат Худойбердиева, Гулистон шаҳар 3-сон ДНИ нотариуси 


Рўйҳатга қайтиш