Кейинги пайтларда ҳаётимизга электрон тижорат ибораси кириб келди. Унинг моҳияти нимада?

З.Обидов, Тошкент шаҳри

Жавоб: Ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси электрон тижоратдир.

Электрон тижорат, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали маҳсулотни сотиш ва харидларни амалга ошириш тизимларидан фойдаланиш, шунингдек коммунал хизматларни ҳисобга олишнинг, назорат қилишнинг ва улар учун ҳақ тўлашнинг автоматлаштирилган тизимдир.

Электрон тижоратнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

электрон тижоратда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш эркинлиги;

электрон тижоратда шартномалар тузишнинг ихтиёрийлиги;

электрон тижоратда иштирок этиш шарт-шароитларининг тенглиги;

электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши.

Савол: Электрон тижорат ким томондан тартибга солинади?

Т.Шукуров, Сирдарё вилояти

Жавоб: Электрон тижорат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва у электрон тижорат соҳасида махсус ваколат берган давлат органи амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг электрон тижорат соҳасидаги ваколатлари қуйидагилардан иборат:

электрон тижорат соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди;

электрон тижорат соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва амалга оширади;

давлат органларининг электрон тижорат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

электрон тижорат соҳасидаги халқаро ҳамкорликни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 сентябрдаги 259-сон “Электрон тижорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” 2015 йил 22 майдаги ЎРҚ-385-сон Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги электрон тижорат соҳасида махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланган. Унинг ваколатлари қуйидагилардан иборат:

электрон тижорат соҳасидаги давлат дастурларини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этади;

бошқа манфаатдор давлат органлари ва ўзга ташкилотлар билан биргаликда, ўз ваколатлари доирасида электрон тижорат соҳасидаги стандартлар, нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

электрон тижоратни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўради;

электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда ва уларнинг ижросини таъминлашда иштирок этади;

электрон тижорат соҳасидаги тадқиқотларни ва мониторингни ташкил этади.

Махсус ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Савол: Электрон тижоратда кимлар иштирок этиши мумкин ва уларни ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат?

Б.Исаков, Жиззах шаҳри

Жавоб: Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) сотувчиси ёки уларнинг харидори бўлган юридик ёки жисмоний шахслар электрон тижорат иштирокчиси бўлиши мумкин.

Электрон тижоратда товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади.

Электрон тижорат иштирокчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

электрон тижорат мақсадида ишлаб турган ахборот ресурсларида офертани жойлаштириш (таклиф этиш);

электрон тижоратдаги шартномаларни тузиш йўли билан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ёки олиш;

электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларни ахборот воситачиларига сақлаш учун топшириш.

Электрон тижорат иштирокчиси – товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи:

электрон тижоратда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишда рақобат тўғрисидаги ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

қонун ҳужжатларига мувофиқ электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларнинг сақланишини таъминлаши;

электрон тижорат соҳасидаги стандартлар, нормалар ва қоидаларга риоя этиши шарт.

Электрон тижорат иштирокчиси қонун ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.

Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими  Санжар Абдуллаев жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш