Такрорий гувоҳномалар бериш қайси меъёрий хужжатларга асосланади?

Г.Собирова, Ховос тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 31 декабрда 2547-сон билан рўйхатга олинган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидалари” асосида ФҲДЁ органлари томонидан такрорий гувоҳномалар ва бошқа маълумотлар берилади.

Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувининг биринчи нусхаси сақланаётган ФҲДЁ органи томонидан манфаатдор шахсларнинг аризалари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органларнинг сўровларига асосан, қайд этилган далолатнома ёзувлари асосида такрорий гувоҳномалар берилади (юборилади).

Алоҳида ҳолларда (далолатнома ёзувининг биринчи нусхаси йўқолганда, иккинчи нусха бўйича гувоҳнома олиш қулай бўлганда) Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ФҲДЁ архивлари томонидан далолатнома ёзувининг биринчи ва иккинчи нусхаларининг айнан бир хиллигини текширилгандан сўнг туғилганлик, никоҳ, ўлим ва никоҳдан ажралганлик ҳақида такрорий гувоҳномалар берилади.

Савол: Такрорий гувоҳномалар олиш тартиби қандай?

Т.Саидов, Ширин шаҳри

Жавоб: Такрорий гувоҳномалар бевосита ёки билвосита берилиши мумкин. Йўриқноманинг 167-бандига кўра туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувидан нусхалар ва такрорий гувоҳномалар бевосита фуқаронинг ўзига, вояга етмаган шахсларнинг қонуний вакилларига ёки нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома орқали бошқа шахсларга уларнинг аризаси асосида берилиши белгиланган.

Ишончнома асосида такрорий гувоҳномалар берилишида чет элда яшовчи фуқаро томонидан берилган ҳамда чет тилида тузилган ишончнома белгиланган тартибда легализация қилинган ёки апостиль қўйилган бўлиши лозим.

Болаларга ва муомалага лаёқатсиз шахсларга такрорий гувоҳномалар уларнинг ота-оналари (фарзандликка олганлар), васийлари, ҳомийлари, болаларни ижтимоий ҳимоялаш муассасаси маъмуриятларининг аризалари бўйича берилади.

Ота-онаси бўлмаган тақдирда, вояга етмаган шахсларга ёки паспорт олишмаган шахсларга туғилганлик ҳақидаги такрорий гувоҳномалар ушбу шахснинг фотосурати ёпиштирилган, яшаш жойидаги фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи ёки 
мазкур шахс таълим олаётган таълим муассасаси томонидан берилган маълумотнома асосида берилади

Савол: Такрорий гувоҳномаларни тўлдириш тартиби қандай?

Ж.Каримова, Оқолтин тумани

Жавоб: ФҲДЁ органи томонидан такрорий гувоҳномага далолатнома ёзувида мавжуд бўлган маълумотлар ўзгаришсиз кўчирилади ва гувоҳноманинг ички қисми ўнг томонининг юқори қисмига "такрорий" деб белги қўйилади.

Агар далолатнома ёзувининг айрим устунлари тўлдирилмаган бўлса, у ҳолда такрорий гувоҳноманинг тегишли устунларига чизиқлар қўйилади. Агар туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувининг "отасининг исми" устуни мавжуд бўлмаган, бироқ ушбу далолатнома ёзуви асосида расмийлаштирилган туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг тегишли устуни мавжуд бўлиб, унда отасининг исми кўрсатилган бўлса, туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномада шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида отасининг исми кўрсатилади.

Савол: Қайдай ҳолатларда такрорий гувоҳномалар берилмайди?

К.Жамолова, Мирзабод тумани

Жавоб: Вафот этган шахсларга нисбатан туғилганлик ҳақида ва никоҳ тузилганлиги ҳақида далолатнома ёзувида никоҳдан ажралиш қайд этилганлик ҳақида белги бўлган ҳолларда такрорий гувоҳнома берилмайди. Бундай ҳолатларда заруриятга кўра тегишли кўчирма ёки маълумотнома берилади.

Никоҳ қайд этилганлиги ҳақидаги такрорий гувоҳнома ёки далолатнома ёзувидан нусха никоҳланган шахсларнинг ўзларига уларнинг аризаси асосида берилади. Зарур ҳолларда, никоҳланган шахсларнинг ота-оналари ва фарзандларига уларнинг аризаси асосида никоҳ тузилганлиги қайд этилганлиги ҳақида маълумотнома берилади.

Ўлим ҳақидаги такрорий гувоҳномалар ёки далолатнома ёзувидан нусха марҳумнинг яқин қариндошларига ва меросхўрларига уларнинг аризаси асосида берилади.

Савол: Такрорий гувоҳнома олиш учун ФҲДЁ органига қандай ҳужжатлар топширилиши лозим?

М.Қодиров, Сирдарё шаҳри

Жавоб: Такрорий гувоҳнома олиш учун шахс ариза ва шахсини тасдиқловчи хужжат билан мурожаат қилиши лозим. Аризада ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исми, манзили, шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги, гувоҳнома сўралаётган шахснинг фамилияси, исми, ота исми, никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома сўралганда эр-хотиннинг фамилиялари, исмлари ва ота исмлари, далолатнома ёзуви қачон ва қайси ФҲДЁ органи томонидан қайд этилганлиги ва такрорий гувоҳнома қандай сабабга кўра талаб қилинаётганлиги кўрсатилиши керак

Савол: Такрорий гувоҳнома бериш муддати ва тартиби қандай?

Қ.Назарова, Сардоба тумани

Жавоб: Такрорий гувоҳнома олиш учун шахс далолатнома ёзувларини қайд этган ФҲДЁ органига бевосита ёки ўзи яшаб турган жойдаги ФҲДЁ органи орқали мурожаат этиши мумкин.

Яшаш жойидаги ФҲДЁ органи орқали такрорий гувоҳнома бериш тўғрисидаги илтимос билан мурожаат этилганда аризани қабул қилган ФҲДЁ органи уни далолатнома ёзувини қайд этган ФҲДЁ органига ижро учун жўнатади.

Ариза берувчи далолатнома ёзуви қайд этилган ФҲДЁ органига мурожаат этганда такрорий гувоҳнома шу куниёқ берилади.

Почта орқали келиб тушган такрорий гувоҳнома сўралган аризалар шу куни ижро этилади ва илова хат билан биргаликда шаҳар (туман) ФҲДЁ органига жўнатилади ва бир вақтнинг ўзида ариза берувчига гувоҳнома жўнатилгани ҳақида хабарнома юборилади.

Ҳарбий хизматни ўтаётган шахсларнинг такрорий гувоҳномалари ҳарбий қисмларга жўнатилади.

Агар такрорий гувоҳнома сўраб мурожаат этилган ФҲДЁ органида тегишли далолатнома ёзуви йўқ бўлса, ФҲДЁ органи аризани ва далолатнома ёзуви йўқлиги тўғрисидаги маълумотномани шаҳар, вилоят, республика ФҲДЁ архивига тегишли текширув ўтказиш ва такрорий гувоҳнома бериш учун жўнатади

Такрорий гувоҳнома яроқсиз ҳолга келган (шикастланган, ёзувлари кўринмайдиган, ёнган ва шу каби) гербли гувоҳномалар ўрнига берилганда, яроқсиз ҳолга келган гувоҳномалар ФҲДЁ органига топширилади ва ушбу гувоҳномалар Фуқаролар томонидан тақдим этилган яроқсиз ҳолга келган (шикастланган, ёзувлари кўринмайдиган, ёнган ва шу каби) гербли гувоҳномаларни йўқ қилиш бўйича далолатнома (70-илова) тузган ҳолда ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилинади ва бу ҳақда тегишли гербли гувоҳномаларни сарфлаш дафтарига маълумот киритилади. Тузилган далолатномалар алоҳида йиғмажилдга тикиб борилади

Шунингдек, такрорий гувоҳномалар берилганлиги учун белгиланган тартибда давлат божи ва герб йиғими (ўлим ҳақидаги гувоҳномалар бундан мустасно) ундирилади.

Саволларга Ховос тумани ФҲДЁ бўлими мудираси С.Абдуқодирова жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш