Мен бир фуқародан қарз олишим учун нималарни билишим керак?

М.Қаххоров Ховос тумани

Жавоб: Авваломбор қарз шартномаси деганимизда  Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Ундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 733-моддасига асосан  Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.

Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик ушбу Кодекснинг 109-моддасида назарда тутилган оқибатларга олиб келади.

Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Агар қарз мажбурияти қарз олувчи томонидан берилган вексель, облигация ёки қарз суммасини ва қарз берувчининг уни ундириб олиш ҳуқуқини белгилайдиган бошқа қимматли қоғоз билан тасдиқланган бўлса, қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.

Савол: Қарз шартномаси тузилишида қарз суммага фоиз олиниши мумкинми?

О.Ҳайиталиев, Мирзаобод тумани

Жавоб:  Агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади.

 Агар қарз шартномаси бўйича қарз олувчига турга хос аломатлари билан белгиланган ашёлар топширилса, уларнинг миқдори ва шакли (пул ёки натура ҳолидаги) шартномада кўзда тутилган ҳолларда фоизлар тўланиши керак.

 Фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари қарз шартномаси билан белгиланади. Агар фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари шартномада белгиланган бўлмаса, улар асосий қарзни қайтариш учун шартномада назарда тутилган тартибда ва муддатларда тўланади.

Саволларга Сирдарё тумани 3-сон ДНИ нотариус  ёрдамчиси Р.Эминов жавоб берди. 



Рўйҳатга қайтиш