Мен кекса бир онахонга кўмаклашиб, озиқ овқат ва дори-дармон билан таъминлаб тураман.

Савол:  Яқинда ушбу хизматларимни эътиборга олиб, қария уй-жойини менга қолдиришини билдирди. Айтингчи, ушбу фуқаро уй-жойни менга қолдириш ҳуқуқига эгами? Уни расмийлаштириш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?

М.Эгамқулова, Гулистон шаҳри

Жавоб: Фуқароларнинг уй-жойга эгалик қилиш, тасарруф этиш, сотиш, ҳадя қилиш, бошқа шахсга беришга доир ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган. Фуқаролик кодексининг 33-боби, 530 ва 531-моддаларида умрбод таъминлаш шарти билан уй-жойни бошқа шахсга бериш шартномасини тузиш тартиби белгиланган.

Унга мувофиқ, уй-жой ёки уйнинг бир қисмини олувчи шахс ёши ёки соғлиғи туфайли меҳнатга лаёқатсиз бўлган бошқа шахсни умрбод моддий таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Умрбод моддий таъминлаш ўзаро келишувга кўра, натура ҳолида уй-жой бериш, овқатлантириш, парваришлаш ва зарур ёрдам кўрсатиш тарзида амалга оширилиши мумкин.

Моддий таъминот олувчи эса уй-жой ёки уйнинг бир қисмини, квартирани мулк қилиб бериш мажбуриятини олади.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда расмийлаштирилади. Унда бошқа шахсга берувчига қандай моддий таъминот турлари берилиши, уларнинг пул билан ифодаланган бир ойлик баҳоси ва уй-жой ёки уйнинг бир қисми, квартиранинг қиймати кўрсатилиши лозим.

Моддий таъминлаш шартлари бажарилмаган ёки етарлича бажарилмаган тақдирда шартнома шартлари уй-жойни берувчининг талабига кўра ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Бунда олувчи шартнома амал қилган даврда моддий таъминлашга ёки уй-жойни сақлаб туришга сарфлаган ҳаражатларни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Олувчи вафот этган тақдирда умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой ёки уйнинг бир қисми, квартирани бошқа шахсга бериш шартномаси бўйича мажбуриятлар унинг ворисларига ўтади. Олувчининг ворислари бўлмаганида ёки улар умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасини бажаришдан воз кечганларида олувчига берилган уй-жой квартира уни бошқа шахсга берувчига қайтарилади.

Саволга Гулистон шаҳар 2-сон ДНИ нотариуси Алишер Мисиров жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш