Васиятнома тушунчаси ва васиятномаларни тасдиқлаш тартиби бўйича маълумот берсангиз?

Ж.Шукуралиев, Сирдарё шаҳри

Жавоб: Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.

Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.

Васиятнома матни васият қилувчи томонидан ёзилиб, нотариусга шахсан тақдим этилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим.

Васиятномани тасдиқлаб беришда васият қилувчидан унинг васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди.

Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши, фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ ёзилиши шарт.

Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабабларини кўрсатилган ҳолда, васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин. Бундай ҳолатда, нотариус Фуқаролик кодексининг 1128-моддасига асосан васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқарога мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмуни, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмаслиги тушунтиради ва бу ҳақда васиятнома матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этади.

Савол: Васиятнома сир сақланадими?

Н.Азизова, Сайхунобод тумани 

Жавоб: Фуқаролик кодексининг 1128-моддасига асосан нотариус, васиятномани тасдиқловчи бошқа мансабдор шахс, шунингдек васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқаро мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмунига, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.

Савол: Васиятнома ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинми?

А.Очилов, Сирдарё тумани

Жавоб: Фуқаролик кодексининг1130 моддасига кўра Тегишли шаклда тузилмаган васиятнома ҳақиқий эмас. Васиятноманинг ҳақиқий эмаслиги ушбу Кодекснинг битимлар ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги қоидаларга ҳам асосланади.

Васиятноманинг ҳақиқий эмас деб топилишидан мулкий оқибатларга эга бўладиган шахснинг даъвоси бўйича васиятнома уни тузиш, имзолаш ва тасдиқлашнинг ушбу Кодексда белгиланган тартиби бузилиши натижасида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Васиятномадаги айрим фармойишларнинг ҳақиқий эмаслиги васиятноманинг қолган қисми ҳақиқийлигига дахл қилмайди.

Васиятнома ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ушбу васиятномага биноан меросдан маҳрум бўлган меросхўр умумий асосларда мерос олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Саволларга Сирдарё тумани 3-сон ДНИ нотариуси Барно Исламова жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш