Автомототранспорт воситасини тасарруф этиш ҳуқуқи билан ишончнома бераётган фуқаронинг эри йўқ бўлса нотариал ҳаракат қандай тартибда расмийлаштирилади ? Шу ҳақида тушунча берсангиз?

Р.Эгамбердиев, Янгиер шаҳар

Жавоб: Агар кўчмас мулк ва автомототранспорт воситасини тасарруф этиш ҳуқуқи билан ишончнома бераётган фуқаронинг эри ёки хотини йўқ бўлса (бева бўлса ёки бўйдоқ), бу ҳақда нотариусга ёзма ариза тақдим этади. Бунда, фуқаронинг эри (хотини) йўқлиги (бўйдоқ, бева эканлиги) нотариус томонидан аниқланади. Ушбу ҳолатни аниқлаш учун нотариусга фуқаронинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлари, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки ўлим ҳақидаги гувоҳнома ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёхуд булар ҳақидаги далолатнома ёзувларидан кўчирмалар асос бўлади.

Савол: Транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасида яшаш жойим Сирдарё вилояти, Ширин шаҳри деб кўрсатилган. Тошкент шаҳрида автомашинамни олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун нотариал идорага мурожаат қилганимда, автомашинам тақиқда туриш ёки турмаслиги ҳақида маълумотномани тақдим қилишимни сўрашди, ушбу маълумотномани қаердан олишим мумкин.

Т. Абдураззақов, Ховос тумани

Жавоб: Сиз ушбу маълумотномани Сирдарё вилояти, Ширин шаҳри нотариал идорасидан олишингиз мумкин. Чунки, у “Автомототранспорт воситаларини хатлаш, бошқа шахсга беришни тақиқлаш ва тақиқни олиб ташлаш, шунингдек, автомототранспорт виситаларини хатлаш ва бошқа шахсга беришни тақиқлаш тўғрисидаги маълумотларнинг ҳужжатлаштирилган банкини юритиш ҳуқуқига эга.

Савол: Бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома ҳақида тушунча берсангиз?

И.Қаххаров, Сайхунобод тумани

Жавоб: Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома матнида асосий ишончнома тасдиқланган сана, жой ва реестр рақами, асосий ишончнома олган, берган ва ваколат ишониб топширилаётган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва доимий ёки вақтинча прописка қилинган (ҳисобга олинган) манзили, асосий ишончнома билан берилган барча ёки айрим ваколатларини (масалан, автомототранспорт воситасини сотиш, бошқариш, таъмирлаш, ҳайдаб олиб бориш ва шу кабилар) берилаётганлиги ҳақида аниқ кўрсатилиши керак. Тасдиқловчи ёзувда эса ваколат берилган шахс асосий ишончномага асосан ҳаракат қилаётганлиги кўрсатиб ўтилади. Нотариал идорада қолдириладиган асосий ишончномага эса мазкур ишончнома бўйича ваколатлар бошқа шахсга берилганлиги ҳақида ёзиб қўйилади. Асосий ишончноманинг нусхаси нотариал идорада қолдириладиган ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончномага қўшиб тикиб қўйилади.

Саволларга Гулистон шаҳар 6-сон ДНИ нотариуси Мухиддин Суяров жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш