Нималарни васият қилиб қолдириш мумкин?

Ш.Эгамбердиев, Ховос тумани

Жавоб: Мерос қолдирувчи ҳар қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли.

Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Агар мерос очилган пайтга келиб, бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади.

Савол: Васиятнома қандай шаклларда ва тартибда тузилади?

Н.Турсунов, Янгиер шаҳри

Жавоб: Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим.

Қуйидаги васиятномалар ёзма шаклда тузилган ҳисобланади:

нотариал тасдиқланган васиятномалар,

нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган васиятномалар.

Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим.

Савол: Васиятномани имзолай олмайдиган васият қилувчи ўрнига васиятномани ҳар қандай фуқаро имзоласа бўладими ёки бу борада ҳам чеклашлар борми?

Г.Норматова, Ширин шаҳри

Жавоб: Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васяитномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ёки қонунга мувофиқ васиятномани тасдиқлайдиган бошқа шахс ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин.

Ҳар ким ҳам васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолайвериши мумкин эмас. Васиятномани имзолай олмайдиган васият қилувчи ўрнига васиятномани имзоловчи хат-саводли, имконият даражасида васият қилувчини таниган ёки билган бўлиши мақсадга мувофиқ. Лекин қонунда кўрсатилган шахслар васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаши мумкин эмас.

Саволларга Янгиер шаҳар 3-сон ДНИ нотариуси Ҳ.Шодиева жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш