Менинг яқин қариндошим хорижий давлат ҳудудида вафот этган, уни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дафн этиш тартиби қандай бўлади?

Ш.Маматова, Сирдарё тумани

Жавоб: Хорижий давлат ҳудудида вафот этган шахсни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дафн этишда кўмаклашиш тартиби “Дафн этиш ва дафн тўғрисида”ги қонунда белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вафот этганда, ўлимни рўйхатга олиш консуллик округи ҳудудида марҳум яшаган ёки ўлим юз берган ҳудудида жойлашган консуллик муассасаси томонидан амалга оширилади. Ўлимни қайт этиш учун консуллик муассасасига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1. Хорижий тиббий хулоса ёки ўлим ҳақидаги гувоҳнома;

2. Паспорт, йўл ҳужжати ёки вафот этганнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, ёҳуд уларнинг нусхаси;

Паспорт ёки шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги, ўлимни қайд этиш учун тўсиқ бўла олмайди. Бу ҳақда ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувининг “белгилар учун” графасида кўрсатилади.

Консул бирор объектив сабабларга кўра ўлимни ўз вақтида қайд эта олмаса, у Ўзбекистон Республикасига белгиланган тартибда легализация қилинган тиббий хулоса ёки ўлим ҳақида гувоҳномани таржимаси билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ФҲДЁ органлари томонидан хорижий тиббий хулоса асосида ўлим қайд этилиши лозим.

Фуқаронинг ўлими тўғрисидаги маълумот олиниши билан консул вафот этганнинг шахсини аниқлаш бўйича тезкор чораларни кўради ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи Ишлар Вазирлигига содир бўлган ҳодиса ҳақида тезкор хабар юборади, унда марҳум ҳақидаги маълумотларни (Ф.И.О, туғилган йили, яшаш жойи), унинг ўлими сабаблари, тобут жўнатиладиган сана, рейс рақами, Ўзбекистон Республикасидаги вафот этган шахс яшаган манзил, қариндошларининг мавжудлиги ва улар билан боғланиш маълумотлари тўғрисида Ўзбекистон Республикасида дафн этиш учун жасадни ёки ҳокини юбориш билан боғлиқ ҳаражатлар тўғрисида маълумот қилади. Вафот этган шахсларни жасадларини ёки ҳокини транспортда ташишга тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикасига етказиш билан боғлиқ бўлган ҳаражатлар марҳумнинг қариндошлари ва яқинларининг маблағлари, шунингдек, воқеа содир бўлган мамлакатдаги диаспора вакилларининг ва бошқа ҳамдард бўлган шахсларнинг ихтиёрий хайр-эҳсонлари ҳисобидан қопланади.

Саволга Сирдарё туман ФҲДЁ бўлими мудираси М.Каримова жавоб берди

Савол: Акам ўзига тегишли бўлган кўчмас мулкларини гаровга қўйиб оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган эди. Ҳозирда молиявий аҳволи яхши бўлганлиги сабабли, гаровга қўйилган мол-мулкни гаров предметидан чиқариб укамга ҳадя қилиб бермоқчи. Ипотека предмети сифатида эса ўзига тегишли бошқа мол-мулкни қўймоқчи. Ипотека нарсасини алмаштириш мумкинми?

М.Хўжақулова, Янгиер шаҳри

Жавоб: Мумкин. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан 2010 йил 30 мартда тасдиқланган “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 131-бандига мувофиқ ипотека нарсасини алмаштириш зарурияти туғилган ҳолларда, ипотека нарсаси ипотекага олувчининг розилиги билан алмаштирилади. Нотариус ипотекага олувчининг ипотека нарсасини алмаштиришга розилиги ҳақидаги юридик шахснинг ёзма шаклдаги хабарномаси (бошқа тегишли ҳужжатлар), жисмоний шахснинг эса нотариус ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган аризаси асосида ипотека нарсасини алмаштириш тўғрисида битимни тасдиқлайди.

Саволга Янгиер шаҳар 2-сон ДНИ нотариуси А.Мансуров жавоб берди

Савол: Нотариус ўз касб мажбуриятларини бузганлиги оқибатида етказилган зарар ким томонидан қопланади?

Ю.Халилов, Ховос тумани

Жавоб: Нотариусларнинг ўз касбий мажбуриятларини бузганлиги учун етказилган зарар миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 декабрдаги 318-сонли қарори билан тасдиқланган “Нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида қопланади.

Мазкур низомга асосан, юридик ва жисмоний шахслар ўзларига етказилган зарарни қоплатиш ҳуқуқига эга. Фуқаролик ишлари бўйича тегишли суднинг зарарни қоплаш тўғрисида қонуний кучга кирган қарори зарар қопланиши учун асос ҳисобланади. Зарар давлат томонидан кейинчалик нотариусга тўланган қоплаш миқдорида аксинча талаб қўйилган ҳолда суд ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Саволга Янгиер шаҳар 1-сон ДНИ нотариуси О.Зокирова жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш