Нотариус стажировкасини ташкил этиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз.

О.Давронов,

Гулистон шаҳри

Жавоб: Ўзбекистон Респуликаси Адлия вазирининг 2013 йил 14 октябрь куни “Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги буйруғига асосан, “Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида бир йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси стажёр бўлиши мумкин.

Шунингдек, Низомга янги 11 (1) банди ҳам қўшилди. Унга кўра, стажёрликка қабул қилинадиган шахс нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими лавозимида ишлаган бўлса, унинг ушбу лавозимларда ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этмаганлигини аниқлаш мақсадида тегишли идоралардан маълумотлар олиниши белгиланди. Бундан ташқари, стажёрликка қабул қилинишда номзод билан ўтказиладиган суҳбат тартиби ҳам ўрнатилди. Унга кўра фуқаро стажёрликка қабул қилинишидан олдин адлия бошқармасида суҳбатдан ўтади. Суҳбат адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан ташкил этиладиган махсус комиссия томонидан ўтказилади. Махсус комиссия адлия бошқармасининг масъул ходимлари, шу жумладан тажрибали нотариуслар орасидан 5 кишидан иборат таркибда тузилади. Махсус комиссияга адлия бошқармаси бошлиғи раҳбарлик қилади. Суҳбатда фуқаронинг юриспруденция соҳасидаги умумий билим даражаси ҳамда унинг стажёр бўлишга лаёқати мавжудлиги аниқланади. Суҳбат натижаси бўйича хулоса тузилади ва махсус комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади. Стажёрликка қабул қилишда фуқаронинг нотариат соҳасидаги тажрибаси устувор аҳамиятга эга бўлади.

Саволга Ширин шаҳар ДНИ нотариуси М.Шукуров жавоб берди.

Савол: Эр-хотин биргаликдаги никоҳи давомида орттирилган квартира хотиннинг номида бўлиб, эри рўйхатда турмаган, кейинчалик эр чет элга ишлашга кетиб қолган, шу сабабли хотин унинг розилигисиз квартирани тасарруф қилиши мумкинми?

З. Ҳикматова, 

Янгиер шаҳри

Жавоб: Агар мулк эр-хотиннинг биргаликдаги никоҳи давомида орттирилган бўлса, Оила кодексининг 23-модддасига асосан эрнинг квартирада рўйхатда турган ёки турмаганлигидан қатъий назар квартирани тасарруф қилиш учун эрнинг нотариал тасдиқланган розилиги талаб қилинади. Агар эр чет элда бўлса, эрнинг кўчмас мулкни сотишга, ҳадя қилишга оид розилиги Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихонаси ёки ўша давлатдаги нотариал идора орқали тасдиқланган бўлиши лозим.

СаволгаЯнгиер шаҳар 2-сон ДНИ нотариуси А.Мансуров жавоб берди.

Савол: Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказишнинг асосий принциплари қандай?

Ш.Маматова, Сайхунобод тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонуни 1-моддасига асосан Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўп партиялилик асосида беш йил муддатга ўтказилади.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар.

Савол: Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари қачон тузилади?

Ш.Абдуллаев, Ховос тумани

Жавоб: Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан сайловга камида саксон кун қолганида комиссиянинг раиси ва олти — ўн тўрт нафар бошқа аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини тегишли халқ депутатлари Кенгашларига сайлов юзасидан навбатдаги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунга қадар амалга оширади.

Савол: Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов юзасидан сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиш тартиби қандай?

Ш.Сарабекова, Сирдарё тумани

Жавоб: Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов юзасидан сайлов кампанияси бошланганлиги депутатларнинг ваколат муддати тугашидан камида уч ой олдин Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Саволларга Гулистон шаҳар ФҲДЁ бўлими  мудираси Р.Ўролова жавоб берди.

Савол: Вақтинчалик рўйxатга олиш тартибини тушинтириб беринг?

М.Шерзаноров, Боёвут туман

Жавоб: Вактинча кайд этиш, шаxсининг ўзи белгилаган истиқомат жойида бўлиши даврида амалга оширилади.

Вактинча кайд эттириш учун Ўзбекистон фуқаролари қуйидаги ҳужжатларни такдим этадилар:

- турар-жойни сотиб олиш ҳақида шартнома ёки тегишли органлар томонидан берилган ордер, 3-шакл бўйича ариза;

- Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти;

- туғилганлик тўғрисида гувоxнома – 16 ёшга тўлмаган, ота-оналаридан (васийлар ва xомийлардан) алоҳода яшовчи шаxслар учун;

- давлат божи тўланганлиги тўғрисида квитантсия.

Доимий ёки вактинчалик рўйхатдан ўтмаган шаxслар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 223-моддасига кўра маъмурий жавобгарликка тортилади.

Саволга Боёвут туман ДНИ нотариуси Л.Болтаев жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш