Маҳалладошимиз чет давлатга ишлаш мақсадида кетган эди, бироқ у ерда касаллиги туфайли вафот этган. Бундай ҳолатда унинг ўлими қандай тартибда расмийлаштирилади?

М.Валижонова, Янгиер шаҳри

Жавоб: Чет элда вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ўлимини қайд этиш марҳум яшаб турган ёки ўлими содир бўлган жойдаги консуллик муассасаси томонидан амалга оширилади.

Агар ўлимни қайд этиш марҳумнинг яшаш жойидан бошқа округда амалга оширилса, у ҳолда ўлимни қайд этган консуллик муассасаси марҳум ҳисобда турган консуллик муассасасига унинг фамилияси, исми, отасининг исми, ўлган санаси, шунингдек ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувининг рақами ва ўлим қайд этилган сана кўрсатилган хабарнома юборади.

Савол: Ўлган фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати тақдим этилмаган ҳолларда ўлимни қайд этиш рад этиладими?

А.Турсунов, Сирдарё тумани

Жавоб: Ўлган фуқаронинг ҳужжати тақдим этилмаган ҳолларда ўлимни қайд этиш рад этилмайди, бундай ҳолда далолатнома ёзувининг “Белгилар учун” устунида “Ҳужжати топширилмади, далолатнома ёзуви ўлим ҳақида тиббий гувоҳномага ёки суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарорига асосан қайд этилди” деб ёзиб қўйилади.

Савол: Шахси аниқланмаган фуқаронинг ўлими қандай тартибда расмийлаштирилади?

Б.Аскаров, Боёвут тумани

Жавоб: Шахси аниқланмаганларнинг ўлимини қайд этиш давлат соғликни сақлаш тизими тиббий муассасасининг хабарига асосан шу муассаса жойлашган ердаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан амалга оширилади. Бу ҳолларда ўлим ҳақидаги гувоҳнома марҳумнинг шахси аниқлангандан кейингина берилади.

Савол: Ўлимни қайд этиш учун ФҲДЁ бўлимига қандай хужжатлар тақдим этилиш керак? Муддатини ўтказиб ўлимни қайд этиш қандай тарибда расмийлаштирилади?

Б.Рахимов, Мирзаобод тумани

Жавоб: Ўлимни қайд эттириш учун ФҲДЁ органига ўлим ҳақида тиббий гувоҳнома ёки суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қонуний кучга кирган (бу ҳақда белги қўйилган ёки тегишли маълумотнома билан тасдиқланган) қарори билан бирга 16 ёшгача бўлган фуқароларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, 16 ёшдан ошганларнинг эса паспортлари ва ҳарбий билети тақдим этилади.

Ўлимни кайд этиш муддатини ўтказиб мурожаат этилганида, ўлим ҳақида тиббий гувоҳноманинг асл нусхаси тақдим этилмаган ҳолларда, фуқаронинг вафот этган ва ўлимидан олдин яшаган жойидаги адлия бошқармаси ФҲДЁ архиви томонидан ўлим қайд этилмаганлиги ҳақида маълумотнома олинганидан кейингина далолатнома ёзуви қайд этилади.

Саволларга Янгиер шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси Раъно Батирова жавоб берди  


Рўйҳатга қайтиш