Ёз таътиллар даври, айтингчи ходимларга меҳнат таътили бериш тартиби қандай?

Қ.Бердиёрова, Оқолтин тумани

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 143-моддасига асосан, йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлагандан кейин берилади.

Таътил қуйидаги ходимларга уларнинг хоҳиши бўйича олти ой ўтмасдан олдин берилади:

аёлларга-ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин;

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга;

муддатли ҳарбий хизматдан заҳирага бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчиларга;

ўриндошлик асосида ишлаётганларга – асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда;

таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим.

Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг ўн икки иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, шу йили ундан албатта фойдаланилмоғи лозим.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга йиллик таътилни, меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишлар учун бериладиган йиллик қўшимча таътилларни бермаслик таъқиқланади.

Йиллик асосий таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида берилади.

Саволга Янгиер шаҳри 2-сон ДНИ нотариуси Асқар Мансуров жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш