Хусусий корхонанинг раҳбари қариндошини кассир лавозимига ишга олиши мумкинми?

Одил ТўрақуловГулистон шаҳри

Жавоб:—Ха, раҳбар кассир лавозимига қариндошини ишга олиши мумкин.

Муайян ҳоллар учун қонунчиликда ҳақиқатдан ҳам яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг биргаликда ишлашига чеклов белгиланган.

Чунончи, Меҳнат Кодексининг 79-моддасига биноан ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади.

Бироқ, кўриб чиқилаётган ҳолатда хусусий корхона тўғрисида сўз бораяпти. Тегишлича, биргаликда хизмат қилишга доир чеклашлар мазкур корхона ходимларига татбиқ этилмайди.

Савол: — Хусусий корхонанинг бош бухгалтери кассир бўлиб ишлаши ҳам мумкинми?

Назира АбдураззоқоваХовос тумани

Жавоб: — Йўқ. Бош бухгалтер бир вақтнинг ўзида кассир бўлиб ишлаш ҳуқуқига эга эмас. Юридик шахслар томонидан касса операцияларини юритиш қоидаларининг (Адлия Вазирлиги томонидан 17.12.1998 йилда 565-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 35-бандига биноан бухгалтерлар ва касса ҳужжатларига имзо чекиш ҳуқуқидан фойдаланувчи бошқа ходимлар кассирлик мажбуриятларини бажариши мумкин эмас.

Битта кассирга эга бўлган ташкилотларда, уни вақтинча алмаштириш зарур бўлган тақдирда, кассир мажбуриятларини бажариш ташкилот раҳбарининг ёзма буйруғига (қарорига, фармойишига) биноан бошқа ходимга юкланади.

Бўлинмалари кўп бўлган ёки марказлаштирилган бухгалтериялар хизмат кўрсатадиган ташкилотларда иш ҳақи, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари, стипендиялар, пенсия ва мукофотлар ташкилот раҳбарининг ёзма буйруғи (қарори)га кўра, кассирлардан ташқари, тўлиқ шахсан моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиладиган ва кассирлар учун белгиланган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар татбиқ этиладиган бошқа шахслар томонидан тўланиши мумкин.

Ана шу тартибда касса операцияларини амалга ошириш бўйича мажбуриятлар штат рўйхатига кўра кассир лавозими назарда тутилмаган ташкилотнинг бошқа ходимларига юкланади.

Саволларга Сирдарё туман 3-сонли ДНИ нотариуси Барно Исломова жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш