Ҳуқуқшунос маслаҳатчилар ҳар неча йилда аттестациядан ўтишлари лозим?

К.Каримов, Мирзаобод тумани

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги “Юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида” Низомни тасдиқлаш ҳақидаги 244-сонли қарорига асосан ҳуқуқшунос маслаҳатчилар 5 йилда бир маротаба ҳудудий адлия органларидан аттестациядан ўтишлари лозим.

Мазкур қарор билан олий ўқув юртини битирган ва мутахассислиги бўйича янги ишга кирган юридик хизмат ходимлари 2 йил ишлаганларидан сўнг ҳудудий адлия органларидан аттестациядан ўтказилади. Аммо, улар 2 йил тугашидан 3 ой олдин ҳудудий адлия органларига ариза билан мурожаат қилишлари лозим.

Агар ҳуқуқшунос маслаҳатчи олий ўқув юртини битириб янги ишга кирган тақдирда, унга ҳуқуқшунос маслаҳатчи бўлиб ишлаш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома талаб этиладими?

А.Турсунов, Сайхунобод тумани

Жавоб: Йўқ, у Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги “Юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида” Низом талабига кўра 2 йилгача гувоҳномасиз ишлаш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ҳуқуқшунос маслаҳатчи 2 йиллик муддат тугашига 3 ой вақт қолганда вилоят адлия бошқармасига аттестациядан ўтиш учун ҳужжат топширади.

Ҳуқуқшунос маслаҳатчи давлат органларида 5 йил ёки 10-15 йил ишлаб ҳуқуқшунос маслаҳатчи бўлиб янги ишга кирган тақдирда муддатларни ҳисоблаш қай тартибда амалга оширилади?

Н.Каримова, Сардоба тумани

Жавоб: Муддатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги “Юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида” Низом нормасига асосан ҳуқуқшунос маслаҳатчи бўлиб ишга кирган вақтдан ҳисобланади. Чунончи, Низом талаби ҳуқуқшунос маслаҳатчининг ҳуқуқшунос бўлиб ишлаган даври билан ҳисобланади.

Ҳуқуқшунос маслаҳатчилар аттестациядан ўтолмаган тақдирда қанча муддатдан кейин қайта аттестациядан ўтиш учун мурожаат қилиш ҳуқуқига эга?

Т.Валиев, Янгиер шаҳар

Жавоб: Ҳуқуқшунос маслаҳатчилар ҳудудий адлия органларидан аттестациядан ўтолмаган тақдирда 6 ойдан сўнг қайта аттестациядан ўтиш учун мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳуқуқшунос маслаҳатчилар қайта аттестациядан ўтолмаган тақдирда ҳудудий адлия органлари томонидан қандай таъсир чоралари қўлланилади?

М.Ҳатамова, Гулистон шаҳар

Жавоб: Ҳудудий адлия органлари томонидан ҳуқуқшунос маслаҳатчи ишлаётган идорага эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида тақдимнома киритилади.

Саволларга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Жасурбек Юсуфалиев жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш