Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқаро томонидан тузилган битим ҳақиқий ҳисобланадими?

Ш.Абдуллаев, Гулистон шаҳар

Жавоб: Гарчи муомалага лаёқатли бўлса-да, бироқ битим тузиш вақтида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган ҳолатда бўлган фуқаро томонидан тузилган битим шу фуқаронинг ёки ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бундай битимни тузиш натижасида бузилган бошқа шахсларнинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Кейинчалик муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан тузилган битимни, агар битимни тузиш пайтида фуқаро ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмаганлиги ёки уларни бошқара олмаганлиги исботланган бўлса, унинг васийси қилган даъвога мувофиқ суд ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

Агар битим ушбу модда асосида ҳақиқий эмас деб топилган бўлса, ушбу Кодекс 117-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Бундан ташқари, битим тузиш пайтида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмаган ёки уларни бошқара олмаган тарафга иккинчи тараф, агар у ўзи билан битим тузган фуқаронинг бундай ҳолатда эканлигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, қилинган харажатларни, йўқотилган мол-мулкнинг ёки унга етказилган шикастнинг ҳақини тўлаши керак.

Савол; Янглишиш таъсирида тузилган битим ҳақиқий ҳисобланадими?

Т.Тўрақулов, Сирдарё тумани

Жавоб: Жиддий аҳамиятга эга бўлган янглишиш таъсирида тузилган битим янглишиш таъсирида ҳаракат қилган тарафнинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Битимнинг табиати, унинг нарсасининг ўз вазифаси бўйича фойдаланиш имкониятини анча пасайтирадиган ўхшашлиги ёки сифати ҳақида янглишиш жиддий аҳамиятга эгадир. Битимнинг сабаблари хусусида янглишиш жиддий аҳамиятга эга эмас.

Агар битим янглишиш таъсирида тузилганлиги туфайли ҳақиқий эмас деб топилса, ушбу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Бундан ташқари, ўз даъвосига кўра битим ҳақиқий эмас деб топилган тараф янглишиш иккинчи тарафнинг айби билан юз берганлигини исботлай олса, иккинчи тарафдан ўзига етказилган ҳақиқий зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли. Агар бу ҳол исботланмаса, ўз даъвосига кўра битим ҳақиқий эмас деб топилган тараф иккинчи тарафнинг талаби билан, башарти ҳатто янглишиш янглишган тарафга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра юз берган бўлса ҳам, етказилган ҳақиқий зарарни унга тўлаши шарт.

Саволларга Гулистон шаҳар 8-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Шухрат Синдаров жавоб берди 


Рўйҳатга қайтиш