Юридик шахс ҳақида тушунча берсангиз?

Б.Тўрақулов, Сирдарё тумани


Жавоб: Ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилот юридик шахс ҳисобланади.

Юридик шахслар мустақил баланс ёки сметага эга бўлишлари керак.

Савол Юридик шахсларнинг турлари ҳақида тушунча берсангиз?

О.Бобоқулов, Боёвут тумани

Жавоб: Фойда олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олган (тижоратчи ташкилот) ёки фойда олишни ана шундай мақсад қилиб олмаган ташкилот (тижоратчи бўлмаган ташкилот) юридик шахс бўлиши мумкин.

Тижоратчи ташкилот бўлган юридик шахс хўжалик ширкати ва жамияти, ишлаб чиқариш кооперативи, унитар корхона ва қонунларда назарда тутилган бошқача шаклда тузилиши мумкин.

Тижоратчи ташкилот бўлмаган юридик шахс жамоат бирлашмаси, ижтимоий фонд ва мулкдор томонидан молиявий таъминлаб туриладиган муассаса шаклида, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқача шаклда ташкил этилиши мумкин.

Тижоратчи бўлмаган ташкилот ўзининг уставда белгиланган мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

Юридик шахслар уюшмалар (иттифоқлар)га ва бошқа бирлашмаларга Қонунга мувофиқ бирлашишлари мумкин.

Саволларга Гулистон шаҳар 8-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Шухрат Синдаров жавоб берди  


Рўйҳатга қайтиш