Мен лизингга автомашина сотиб олмоқчиман.Лизинг шартномаси ҳақида тушунча берсангиз?

Ш.Тобекова, Сирдарё тумани

Лизинг-молия ижарасининг алоҳида тури булиб, унда бир тараф (лизинг берувчи) иккинчи тарафнинг (лизинг олувчининг) топшириғига биноан учинчи тарафдан (сотувчидан) лизинг шартномасида шартлашилган мол-мулкни (лизинг объектини) мулк қилиб сотиб олади ва уни шу шартномада белгиланган шартларда хақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг олувчига ўн икки ойдан ортиқ муддатга беради.

Келажакда лизинг олувчига лизинг буйича топшириш мақсадида мол-мулкни ўзига мулк қилиб олувчи шахс лизинг берувчи деб тан олинади. Эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг объектини оладиган шахс лизинг олувчи деб ҳисобланади. Лизинг берувчи лизинг объектини кимдан олаётган бўлса, шу шахс сотувчи деб эътироф этилади. Лизинг берувчи мол-мулкни бўлажак фойдаланувчидан сотиб олган такдирда ёхуд лизинг берувчи келажакда мол-мулкни сотувчига лизинг буйича топшириш учун ундан шу мол-мулкни сотиб олиш мақсадида уни маблағ билан таъминлаган тақдирда бир шахснинг ўзи ҳам лизинг олувчи, ҳам сотувчи бўлишига йул қуйилади.

Лизинг шарномаси буйича олинган нарса сифатсиз чиқса ким жавобгар булади?

Ш.Абдуллаева, Мирзаобод тумани

Лизинг олувчи лизинг шартномасининг нарсаси бўлган мол-мулкни сотувчига сотувчи билан лизинг берувчи ўртасида тузилган олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларни, хусусан мол-мулкнинг сифати ва бутлиги, уни етказиб бериш муддатлари хақидаги талабларни ва шартнома сотувчи томонидан зарур даражада бажарилмаётган бошқа ҳоллардан келиб чиқадиган талабларни қуйишга хақли. Бунда лизинг олувчи, мазкур мол-мулкнинг олди-сотди шартномасидаги тарафлардан бири бўлгани каби, сотиб олувчи учун назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади (сотиб олинган мол-мулк хақини тўлаш мажбурияти бундан мустасно). Бироқ лизинг олувчи сотувчи билан олди-сотди шартномасини лизинг берувчининг розилигисиз бекор қила олмайди. Сотувчи билан бўладиган муносабатларда лизинг олувчи ва лизинг берувчи солидар кредиторлар бўладилар. Агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лизинг берувчи олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларнинг сотувчи томонидан бажарилиши учун лизинг олувчи олдида жавобгар бўлмайди, сотувчи танлаш буйича жавобгарлик лизинг берувчининг зиммасида бўлган ҳоллар бундан мустасно. Сотувчини лизинг берувчи танлаган тақдирда, лизинг олувчи олди-сотди шартномасидан келиб чиқадиган талабларни ўз хохишига қараб, солидар жавобгар бўлган мол-мулк сотувчи олдига ҳам лизинг берувчи олдига ҳам қўйишга ҳақли.

Ер лизинг объекти бўлиши мумкинми?

Н.Абдураззакова, Гулистон шаҳри

Истеъмол қилинмайдиган, тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ҳар қандай ашёлар лизинг объекти бўлиши мумкин, ер участкалари ва бошқа табиат объектлари бундан мустасно.

Саволларга Сирдарё туман 4-сонли ДНИ нотариуси Комилжон Хушваков жавоб берди


Рўйҳатга қайтиш