Пудрат шартномаси ҳақида умумий тушунча берсангиз?

А.Бозоров, Гулистон шаҳри

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 631-моддасига кўра, пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Агар қонун ҳужжатларида ёхуд тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ишни бажариш учун пудратчи таваккал қилади.

Савол:

Пудрат шартномаси бўйича ишни бажариш муддатлари ҳақида маълумот берсангиз?

В.Тошматов, Сайхунобод тумани

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 635-моддасига кўра, пудрат шартномасида ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги муддатлари кўрсатилади. Тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ, шартномада ишнинг айрим босқичларини тугаллаш муддатлари (оралиқ муддатлар) ҳам назарда тутилиши мумкин.

Пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, пудратчи ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги, шунингдек оралиқ муддатларини бузганлик учун жавобгар бўлади.

Пудрат шартномасида кўрсатилган ишни бажаришнинг бошланғич, охирги ва оралиқ муддатлари шартномада назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўзгартирилиши мумкин.

Ушбу Кодекс 337-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган ижро муддатини кечиктириш оқибатлари ишни бажаришнинг охирги муддатига риоя этилмаган ҳолларда юзага келади.

Савол:

Пудрат шартномаси бўйича ишга ҳақ тўлаш тартиби қандай тартибда амалга оширилади?

М.Жалилов, Сирдарё тумани

Жавоб:

Пудрат шартномаси бўйичаишга ҳақ тўлаш тартиби Фуқаролик кодексининг 638-моддасига мувофиқ, агар пудрат шартномасида бажарилган ишга ёки унинг айрим босқичларига олдиндан ҳақ тўлаш назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи пудратчига шартлашилган ҳақни иш тегишли тарзда ва келишилган муддатда ёхуд буюртмачининг розилиги билан муддатидан олдин бажарилиб, унинг натижалари узил-кесил топширилганидан кейин тўлаши шарт.

Пудратчи қонун ҳужжатларида ёки пудрат шартномасида назарда тутилган ҳолларда ва миқдордагина ўзига бўнак ёки закалат берилишини талаб қилишга ҳақли.

Саволларга Сирдарё вилояти адлия бошқармаси масъул ходими А.Мавланов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш