Яқинда нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун нотарусга мурожаат қилганимда у хизмат қилишини рад этди.Қандай ҳолатларда нотариус ўз мижозига хизмат кўрсатишни рад этиши мумкин ва у бунга ҳақлими?

А.Азизова, Гулистон тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси«Нотариат тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ бундай ҳолат 38-модда билан тартибга солинган. Унда айтиладики, нотариус қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатларни амалга оширишни рад этиши мумкин:

- бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;

- бу ҳаракат бошқа нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;

- муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;

- юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

- битим конун талабларига мувофиқ бўлмаса;

-нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун такдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофик бўлмаса.

Нотариус нотариал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят килиш тартибини тушунтириб бериши лозим.

Савол: Нотариуснинг ўз мижозлари олдидаги асосий мажбуриятлари нималардан иборат?

Ш.ДавроновБоёвут тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси «Нотариат тўғрисида»ги Қонунинг 18-моддасига биноан нотариусларга қуйидаги мажбуриятлар юклатилган:

- жисмоний ва юридик шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва қонуний манфаатларини ҳимоя килишда кўмаклашиши, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб бериши;

- томонлар такдим этган битимлар лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириши, ушбу битимлар мазмуни томонларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текшириши;

- юридик жиҳатдан бехабарлик жисмоний ва юридик шахслар зарарига фойдаланилмаслиги учун амалга оширилаётган нотариал ҳаракатларнинг оқибатлари ҳакида уларни огоҳлантириши;

- қонун ҳужжатларига мос келмайдиган нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши;

- нотариал харакатларни амалга ошириш вақтида фуқаролар ёки мансабдор шахслар томонидан қонунчилик бузилганлигини аниқлаган такдирда, зарур чора-тадбирлар кўрилиши учун тегишли корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ёки прокурорга бу ҳақда хабар қилиши;

- Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда беш йилда камида бир марта ўз касбий малакасини ошириши;

- қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кўчмас мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг микдори тўғрисидаги, мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномаларни давлат солиқ хизмати органига такдим этиши;

- суд, прокуратура, тергов органлари талабига биноан мазкур органларнинг юритувида бўлган ишлар билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик тўғрисида маълумотномалар (маълумотнома) бериши;

- битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларни кредит бюроларининг сўровига кўра тақдим этиши;

- жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномаларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этиши шарт.

Саволларга Гулистон туман давлат

нотариал идорасининг нотариуси

Ш.Каримов жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш