Яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги

Савол:

Қонуни билан “Фарзандликка олиш” тартибига қандай ўзгартиш киритилди ва унинг илгариги тартиб билан қандай фарқи бор?

Д.Исаева, Гулистон шаҳри

Жавоб:

Илгари Фарзандликка олиш Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида” низом асосида болани фарзандликка олишни хоҳлаган шахсларнинг аризасига ва васийлик ва ҳомийлик органлари тавсиясига кўра туман, шаҳар ҳокими қарори билан амалга оширилган бўлса, эндиликда мазкур қунун билан Фуқаролик процессуал кодекси “Фарзандликка олиш” деб номланган янги 311-боб билан тўлдирилиб, унга кўра фарзандликка олишнинг қонунчиликда белгиланган процессуал тартиби асосида суд томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Хусусан, эндиликда фарзандликка олиш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фарзандликка олинаётган боланинг яшаш жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман ва шаҳар судларига ариза билан мурожаат қиладилар. Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланган болани фарзандликка олишни истаган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар эса боланинг яшаш жойидаги тегишлилигига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судига, фуқаролик ишлари бўйича вилоят ёки Тошкент шаҳар судига ариза беради. Фарзандликка олиш тўғрисидаги аризада фарзандликка олувчиларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг яшаш жойи, фарзандликка олинаётган боланинг фамилияси, исми, отасининг исми ва туғилган санаси, унинг яшаш жойи, фарзандликка олинаётган боланинг ота-онаси тўғрисидаги, ака-ука ва опа-сингиллари бор-йўқлиги ҳақидаги маълумотлар, фарзандликка олувчиларнинг фарзандликка олиш ҳақидаги илтимосини асословчи ҳолатлар ва бошқа маълумотлар кўрсатилиши лозимлиги белгиланди.

Шунингдек, суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб уч кун ичида ушбу қарордан кўчирмани боланинг туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юбориши шарт.

Саволга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

масъул ходими Б.Назаров жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш