Маъмурий ножўя ҳаракат деганда нима тушунилади ва унинг оқибатлари нимага олиб келади?

Т.Абдуллаев, Гулистон шаҳар

Жавоб: Маъмурий ножўя ҳаракат деганда жамоатга тажовуз қилувчи ғайриқонуний хавфли ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган пайтда ўн олти ёшга тўлган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади ва маъмурий жазонинг турларига қуйидагилар киради: жарима; маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш; муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан (транспорт воситаларини бошқариш ва ҳ.к.з. кабилар) маҳрум этиш; маъмурий қамоққа олиш.

Вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи туман (шаҳар) комиссиялари вояга етмаган шахслар томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқадилар.

Маъмурий йўл билан ушлаб туриш 3 соатдан ортиқ давом этиши мумкин эмас. Маъмурий йўл билан ушлаб туриш муддати ҳуқуқбузарни баённома тузиш учун олиб кетиш пайтидан бошланади, маст ҳолдаги шахслар учун эса улар ҳушёр тортган вақтдан бошланади.

Савол: Муомала лаёқати қачон вужудга келади?

Д. Жўраева, Ширин шаҳар

Жавоб: Фуқароларнинг ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш лаёқати (муомала лаёқати) у вояга етгач, яъни ўн саккиз ёшга тўлгач, тўла ҳажмда вужудга келади.

Вояга етгунга қадар қонуний никоҳдан ўтган фуқаро никоҳдан ўтган вақтидан эътиборан тўла ҳажмда муомала лаёқатига эга бўлади.

18 ёшга тўлмасдан никоҳ бузилса ҳам муомала лаёқати тўла сақланиб қолади. Лекин никоҳ ҳақиқий эмас, деб топилганида суд вояга етмаган эр (хотин) суд белгилаган пайтдан бошлаб тўла муомала лаёқатини йўқотганлиги ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.

18 ёшга тўлмасдан вояга етмаганлар битимларини ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузганларидагина ҳақиқий деб ҳисобланади.

14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларнинг ёзма розилигисиз қуйидагиларни мустақил амалга оширишга ҳақли:

- ўз иш ҳақи, стипендияси ва бошқа даромадларини тасарруф этиш;

- фан, адабиёт ёки санъат асарининг, ихтиронинг ёҳуд ўз интеллектуал фаолиятининг қонун билан қўриқланадиган муаллифлик ҳуқуқини амалга ошириш;

- қонунга мувофиқ кредит муассасаларига омонатлар қўйиш ва уларни тасарруф этиш;

- майда маиший битимларни, текин манфаат кўришга қаратилган, нотариал тасдиқланиши ёки давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилмайдиган битимлар, қонуний вакили ёки унинг розилиги билан учинчи шахс томонидан бирор-бир мақсад ёки тасарруф этиш учун берилган маблағларни тасарруф этиш борасидаги битимлар.

14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар юқоридагиларга мувофиқ ўзлари тузган битимлар бўйича мустақил равишда мулкий жавобгар бўладилар;

Болага исм ота-онанинг келишувига биноан, ота исми отасининг исмига кўра берилади. Боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади. Ота-она турли фамилияларда бўлганда ота-онанинг келишувига биноан отасининг ёки онасининг фамилияси ота-онанинг ҳохишига кўра берилади.

Болага ота ёки она томонидан миллий анъаналарга кўра бобонинг исми бўйича ҳам фамилия берилиши мумкин.

Боланинг исми ва фамилияси ота-онанинг биргаликдаги аризасига биноан бола 16 ёшга тўлгунча бола манфаатларини эътиборга олган ҳолда (отасининг ёки онасининг фамилиясига) ўзгартирилиши мумкин.

16 ёшга тўлган боланинг исми ёки фамилиясини ўзгартириш фақат унинг розилиги билан амалга оширилади.

Вояга етмаган болалар қонунда белгиланган тартибда ҳадя, мерос тариқасида олган мол-мулки, шунингдек, шахсий меҳнати ва тадбиркорлик фаолияти натижасида орттирган мол-мулки уларнинг шахсий мулки ҳисобланади.

Вояга етмаганларнинг шахсий фойдаланишдаги буюмлари (кийим-кечак, ишлаб чиқариш қуроллари, ўқув-анжомлари кабилар) уларнинг хусусий мулки ҳисобланади.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқлидирлар.

16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига 36 соатдан иш куни белгиланади.

15-16 ёшгача бўлган (таътил даврида ишлаётган 14 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўқувчилар учун) шахслар учун ҳафтасига 24 соатдан ошмаган иш куни белгиланади.

14 ёшга тўлмаган вояга етмаганларнинг (кичик ёшдаги болаларнинг) ёки васийликда бўлган фуқароларнинг қонуний вакиллари – ота-оналари, фарзандликка олувчи-лари ёки васийлари яшаётган жой вояга етмаганларнинг ёки васийликда бўлганларнинг яшаш жойи ҳисобланади.

Савол: Вояга етмаган шахслар неча ёшдан ҳамда қандай жиноятларни содир қилганда жиноий жавобгарликка тортилади?

Г.Казакова, Янгиер шаҳар

Жавоб: Жиноят содир этганга қадар 13 ёшга тўлган шахслар жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирганликлари учунгина жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Жиноят содир этганга қадар 14 ёшга тўлган шахслар қуйидаги жиноятлар учун жавобгарликка тортиладилар:

қасддан одам ўлдирганлик;

қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказганликлари;

номусга тегиш;

эҳтиёжини зўрлик ишлатиб, ғайри табиий усулда қондириш;

одам ўлдириш;

босқинчилик, товламачилик, талончилик;

одам ўғирлаш;

мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга тузатиб бўлмас зарар етказиш;

озодликдан маҳрум қилиш жойларидан қочиш;

ўқ отар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлаш қуроллари, радиактив материалларни қонунга хилоф равишда эгаллаш;

темир йўл, денгиз, дарё, ҳаво транспорти воситаси ёки алоқа йўлларини яроқсиз ҳолга келтириш;

транспорт воситасини олиб қочиш;

гиёҳвандлик ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш;

айбни оғирлантирувчи ҳолларда безорилик қилиш.

Саволларга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бўлими бошлиғи

Ўткир Абдураҳмонов жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш