ДАВЛАТ БОЖИ ҚАНДАЙ УНДИРИЛАДИ?

Давлат божини ундириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонуни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрда қабул қилинган “Давлат божи ставкалари тўғрисида”ги карорига мувофиқ амалга оширилади.

Масалан, уй-жойлар, квартиралар, дала-ҳовлилар, гаражлар ва бошқа кўчмас мулкларнинг олди-сотдиси, алмаштириш, ижарага олиш, умрбод таъминлаш шарти билан бошқаларга бериш, ҳадя шартномаларини тасдиқлашда давлат божи мазкур кўчмас мулкларнинг 1 кв.м, майдони учун энг кам ойлик иш ҳақининг муайян фоизи миқдорида ундирилади. Автомототранспорт воситаларини ўзгача ўтказиш билан боғлиқ нотариал ҳаракатлар энг кўп амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар жумласига киради. Ушбу нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун давлат божлари ундириш ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, давлат божининг миқдорини белгилашда транспорт воситасининг тури, қайси мамлакатда ишлаб чикарилганлиги, двигателининг от кучи, фойдаланиш муддатига эътибор қаратилади.

Мазкур қарорда яқин қариндошалр ўртасида мол-мулк ва автомототранспорт воситалари билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун давлат божини ундиришда имтиёзлар берилиши назарда тутилган. Унга кўра, яқин қариндошлар ўртасида олди-сотди, алмаштириш ва ҳадя қилиш шартномалари расмийлаштирилаётганда белгиланган ставканинг 5 фоизи миқдорида бож ундирилади.

Саволга Гулистон шаҳридаги

7-сонли давлат нотариал идораси нотариуси

М.ЭМИНОВА жавоб берди


Рўйҳатга қайтиш