Оилавий тадбиркорлик деганда нима тушунилади?

“Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолият бўлиб, ўз иштирокчиларининг ихтиёрийлигига асосланади. Оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириладиган оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли оилавий корхонадир.Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади

Оилавий корхона нима?

Оилавий корхона унинг иштирокчилари томонидан товарлар ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун ихтиёрий асосда, иштирокчиларнинг улушли ёки умумий мол-мулк, шунингдек иштирокчилардан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъектидир. Оилавий корхона фаолияти унинг иштирокчиларининг шахсий меҳнатига асосланади. Оилавий корхона фаолиятни фақат юридик шахс сифатида фаолият кўрсатади.

Ушбу корхона иштирокчилари ва ёлланма ходимларининг умумий сони кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ўртача йиллик сонидан кўп бўлиши мумкин эмас. Бунда оилавий корхона иштирокчиларининг энг кам сони икки кишидан оз бўлмаслиги керак.

Оилавий корхона иштирокчилари бўлиб ким иштирок этиши мумкин?

Оила бошлиғи, унинг хотини (эри), болалари ва набиралари, ота-онаси, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари (болалари ва набираларининг эрлари (хотинлари), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эрлари (хотинлари) ҳамда болалари, тоға ва амаки ҳамда амма ва холалари) оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин. Бундан ташқари, иштирокчиларнинг муомала лаёқати қонунга мувофиқ тартибда чекланган бўлмаслиги керак. Давлат органларининг мансабдор шахслари, шунингдек қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган бошқа шахслар оилавий корхона иш бўлиши мумкин эмас.

Бир оилавий корхона иштирокчиси бир вақтнинг ўзида бошқа оилавий корхона иштирокчиси бўла олмайди.

Оилавий корхонада устав фонди нима асосида шаклланади?

Оилавий корхонанинг устав фонди пул маблағлари, қимматли қоғозлар, бошқа мол-мулк, жумладан пул билан баҳоланадиган мулкий ҳуқуқлар ёки ўзга шахсга ўтказиладиган бошқа ҳуқуқлар ҳисобидан шакллантирилади. Ягона уй (квартира) оилавий корхонанинг устав фондига киритилиши мумкин эмас. Оилавий корхона иштирокчилари оилавий корхонанинг устав фондига корхона таъсис шартномасида назарда тутилган тартибда ўзлари киритадиган мол-мулкни мустақил равишда белгилайди.

Оилавий корхонанинг устав фонди корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар тақдим этиладиган санадаги қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдоридан кам бўлмаслиги керак.

Оилавий корхонанинг мол-мулки қайси маблағлардан таркиб топган?

Оилавий корхонанинг мол-мулки оилавий корхона иштирокчилари томонидан унинг устав фондига киритиладиган мол-мулкдан, қарз маблағлари ва кредитлар ҳисобига олинган мол-мулкдан, товарларни реализация қилишдан, ишлар бажаришдан, хизматлар кўрсатишдан олинган ва оилавий корхонани ривожлантиришга йўналтирилган даромадлардан, шунингдек бу даромадлар ҳисобига олинган мол-мулкдан, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлардан таркиб топади.

Оилавий корхона фаолиятини амалга ошириш шартлари нимадан иборат?

Оилавий корхона фаолиятнинг айрим турларини фақат махсус рухсатнома (лицензия) мавжуд бўлганда амалга ошириши мумкин.

Оилавий корхона акциз солиғи тўланадиган маҳсулотни ишлаб чиқаришни ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмалар кавлаб олишни, шунингдек юридик шахслар учун қатъий белгиланган солиқ ёки ягона ер солиғи тўлаш назарда тутилган фаолиятни амалга ошириши мумкин эмас.

Оилавий корхона фаолиятида заҳарли, радиоактив моддалар ва материаллардан, юқори босимли асбоб-ускуналардан ҳамда инсон ва атроф-муҳит учун катта хавф туғдирадиган бошқа асбоб-ускуналардан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Оилавий корхона фойдаланиши мумкин бўлмаган моддалар, материаллар ва асбоб-ускуналарнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 сентябрдаги 269-сонли қарори билан тасдиқланган.

Шунингдек, оилавий корхона томонидан саноат тусидаги фаолиятни кўп квартирали уйнинг турар жойларида амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Оилавий корхонада ҳам ходимлар ижтимоий муҳофаза қилинадими?

Қонуннинг 22-моддасига биноан оилавий корхона:

- иштирокчилар ва ёлланма ходимларига хавфсиз меҳнат шароитларини, ижтимоий муҳофаза чораларини таъминлаши шарт ҳамда уларнинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарар учун жавобгар бўлади;

- иштирокчилар ва ёлланма ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланганига нисбатан имтиёзлироқ меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларни мустақил равишда белгилашга ҳақли.

- иштирокчилар ва ёлланма ходимларнинг ишлаган вақти давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бадаллар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва қонун ҳужжатларидабелгиланган тартибда юритиладиган меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида меҳнат стажига қўшилади;

- иштирокчилари ва ёлланма ходимлари ҳаётига ёки соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки улар ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича ўз фуқаролик жавобгарлигини иш берувчи сифатида қонун ҳужжатларида белгиланган шартлар ва тартиб асосида суғурталаши шарт.

Оилавий корхона фаолияти эркинлигининг кафолатлари нимадан иборат?

Давлат оилавий корхонанинг ҳуқуқларига риоя этилишини ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Давлат органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

фойдаланилмаётган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар уларда товарлар ишлаб чиқаришни (ишлар бажаришни, хизматлар кўрсатишни) ташкил этиш учун оилавий корхонага ижарага берилишини;

ишлаб чиқариш майдонлари қуриш учун оилавий корхонага ер ажратилишини;

оилавий корхона ишлаб чиқариш объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишини;

оилавий корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилиш учун махсус жойлар берилишини таъминлайди.

Оилавий корхонанинг мол-мулки национализация, мусодара ва реквизиция қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Оилавий корхона қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиши мумкин ҳамда битимлар тузишда эркиндир. Технологияларни, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ассортиментини танлашда, маҳсулот нархини ҳамда уни реализация қилиш йўналишларини белгилашда давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди.

Оилавий корхона фаолияти ҳам текширишлар ўтказиладими?

Оилавий корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта амалга оширилади.Янги ташкил этилган оилавий корхонанинг молия-хўжалик фаолияти у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали текширувлардан ўтказилмайди, бундан бюджет маблағларидан ва марказлаштирилган маблағлардан ҳамда ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ текширишлар мустасно.

Оилавий корхонанинг коммунал инфратузилма объектларидан фойдаланиши қандай таъминланади?

Оилавий корхона турар жойдан унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида тўлайди.

Коммунал хизмат кўрсатиш, электр ва газ таъминоти корхоналари зарур коммуникация тармоқларининг оилавий корхона фаолияти амалга оширилаётган жойгача етказилишини ҳамда уланишини аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида таъминлайди.

Саволларга Адлия вазирлиги

Бош маслаҳатчиси

Г. Эргашева жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш