Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

25

Мавзу: Иш ташлаш – меҳнат низоларини ҳал этишнинг ҳуқуқий воситаси.


Меҳнат муносабатлари жамиятда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Ходимнинг муносиб меҳнат шароитида ишлаши, ўз меҳнати учун адолатли ҳақ олиши ҳамда меҳнат ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг таъминланиши меҳнат соҳасидаги давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир.

Шу билан бирга, меҳнат муносабатларида ходимлар ва иш берувчиларнинг манфаатлари ҳар доим ҳам бир-бирига мос келавермайди. Бундай ҳолатларда тарафлар ўртасида меҳнат низолари юзага келиши мумкин.

Меҳнат низоларини тинч йўл билан ҳал этиш, аввало, тарафларнинг музокара олиб бориши ва ўзаро мақбул ечимга эришишини назарда тутади. Бироқ айрим ҳолларда ходимларнинг жамоавий талабларини бошқа воситалар орқали ҳал этиш имконияти мавжуд бўлмаслиги мумкин. Ана шундай вазиятларда ходимларнинг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини жамоавий равишда ҳимоя қилиш воситаларидан бири сифатида иш ташлаш институти муҳим аҳамият касб этади.

Иш ташлаш ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг жамоавий шаклларидан бири ҳисобланади. У, аввало, ходимлар билан иш берувчи ўртасида юзага келган меҳнат низосини ҳал этишга қаратилган восита сифатида намоён бўлади.

Иш ташлашнинг асосий мазмуни ходимларнинг ўз меҳнат мажбуриятларини вақтинча бажаришдан жамоавий равишда воз кечиши орқали иш берувчига ўз талабларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш зарурлигини билдиришдан иборат.

Иш ташлаш меҳнат муносабатларида ходимларнинг жамоавий манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш имконини берувчи муҳим ҳуқуқий институтдир. Унинг аҳамияти шундаки, якка тартибда билдирилган талабларни амалга ошириш имконияти чекланган ҳолларда ходимлар ўз манфаатларини жамоавий тарзда ҳимоя қилиш имкониятига эга бўладилар. Шу жиҳатдан, иш ташлаш ходимлар ва иш берувчи ўртасидаги манфаатлар мувозанатини таъминлашга хизмат қилувчи воситалардан бири сифатида қаралади.

Бироқ, иш ташлаш фақат ходимларнинг ўз талабларини илгари суриш воситаси бўлиб қолмай, балки муайян ҳуқуқий оқибатларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.

Хусусан, иш ташлашнинг қонунчиликда белгиланган тартиб ва шартларга риоя этилган ҳолда амалга оширилиши унинг ҳуқуқийлигини белгилашда муҳим аҳамиятга эга.

Аксинча, белгиланган тартибга риоя қилинмаган ҳолда ўтказилган иш ташлаш ходимлар, иш берувчи ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига таъсир кўрсатиши, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқий оқибатларни юзага келтириши мумкин.

Иш ташлашнинг оқибати, бир томондан, ходимларнинг меҳнат шартларини яхшилаш, меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ёки бошқа жамоавий талабларни илгари суриш билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, иш берувчининг фаолияти вақтинча тўхташи ёки чекланишига олиб келиши мумкин.

Шу сабабли иш ташлаш ҳуқуқини амалга оширишда ходимларнинг жамоавий манфаатлари билан бир қаторда иш берувчи, бошқа ходимлар ва жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш масаласи ҳам муҳим ҳисобланади.

Шундай қилиб, иш ташлашни фақат меҳнат фаолиятини вақтинча тўхтатиш сифатида эмас, балки меҳнат низоларини ҳал этиш, ходимларнинг жамоавий манфаатларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муносабатларида тарафларнинг манфаатларини мувофиқлаштиришга қаратилган ҳуқуқий восита сифатида баҳолаш мумкин.

Мазкур низоларни суд тартибида ҳал этиш мақсадида Фуқаролик процессуал кодексида эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш, уни тўхтатиб туриш ёки иш ташлашни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги ишларни судлар томонидан кўриб чиқиш тартиби белгиланган.

Мазкур нормаларнинг аҳамияти шундаки, иш ташлаш ходимларнинг жамоавий меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш шакли бўлиши билан бирга, иш берувчи, бошқа ходимлар ва айрим ҳолларда жамият манфаатларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу сабабли, қонунчилик иш ташлашни ўтказиш билан боғлиқ низоларни суд назорати остида кўриб чиқиш имконини беради.

Иш ташлашнинг бошланиш вақтини кечиктириш ёки уни тўхтатиб туриш ҳақидаги талаб иш ташлашнинг муайян муддат давомида ўтказилишининг олдини олишга қаратилган бўлса, уни ноқонуний деб топиш ҳақидаги талаб иш ташлашни ўтказиш учун қонунчиликда белгиланган талаблар ва тартибга риоя этилган-этилмаганлигини аниқлашни назарда тутади.

Шундай экан, суд бундай ишларни кўришда нафақат тарафларнинг талаб ва эътирозларини, балки иш ташлашни эълон қилишнинг қонуний асослари, уни ўтказиш тартибига риоя қилинганлиги ҳамда иш ташлаш натижасида юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатларни ҳам баҳолаши лозим.

 

 

Сирдарё вилоят

судининг судьяси                                                      Д. Бурхонов