Янгиликлар
Ёшлар маънавияти
Мирзаобод тумани ижтимоий иқтисодий касб-ҳунар коллежида ташкил этилган “Ёшлар ва қонун” деб номланган маърифий-ҳуқуқий семинар ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, иқтидор ҳамда имкониятларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунчилик масалаларига бағишланди.
Тадбирда таъкидланганидек, ҳар бир ёш ўзининг ҳуқуқий онги ва тафаккуридан келиб чиқиб, ҳуқуқлари билан биргаликда мажбуриятларини ҳам яхши билиши, уни тўғри қўллай олиши, энг муҳими, шахсий фикрини аниқ баён этиш имкониятига эга бўлиши уларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялашда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Мустақилликнинг илк кунлариданоқ Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва бевосита раҳнамолигида вояга етмаганлар ва ёшлар тарбияси, уларнинг маънавиятини юксалтириш соҳасидаги ислоҳотларни ҳаётимизнинг бошқа соҳалари билан ўзаро чамбарчас боғланган, тизимли, босқичма-босқич амалга ошириладиган стратегияси белгилаб олинди.
Семинарда вояга етмаганларнинг бўш вақтларини самарали тадбирлар билан банд қилиш жиноятчиликка қарши курашишнинг таъсирчан усули ҳисобланиши, бу мақсадда мамлакатимизда ёшларнинг таълим-тарбияси, шу жумладан, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш давлат ва нодавлат ташкилотларининг устувор вазифаси эканлиги эътироф этилди.
Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, бурч ва жавобгарлик ҳиссини ошириш, жиноятчиликнинг олдини олиш чораларини кўриш, энг муҳими самарали ҳуқуқий тарғибот тадбирларини кўпайтириш эртанги ҳаётимиз давомчиларининг баркамоллигини таъминлашга хизмат қилади.
Очиқ мулоқот усулида ўтган тадбирда соғлом дунёқараш ва мафкуравий иммунитетни шакллантириш, маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини янада ошириш масалалари юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилиб, ёшларни қизиқтирган саволларига вилоят адлия бошқармаси ходимлари томонидан атрофлича жавоб берилди.