Янгиликлар
01
Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди
Бугун адлия органлари томонидан ўтказилаётган турли лойиҳа ва акциялар аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган ҳуқуқий муаммоларни бартараф этишда муҳим омил бўлмоқда.
Жумладан, “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” акцияси фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларига тегишли бўлган фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларидаги хатоликларни тузатиш, ҳуқуқий муаммолари мавжуд, шу жумладан туғилганлиги қайд этилмаган, фуқаролик паспорти ёки идентификацияловчи ID-карта олмаган фуқароларнинг мурожаатини ҳал этиш имконини бермоқда.
Гулистон маҳалласида яшовчи Ш.Холмўминов 2007 йилда вафот этган отасининг ўли гувоҳномаси электорн тизимда мавжуд эмаслиги, туғилган ҳақида далолатнома ёзувига вафот этганлик белгиси қўйилмаганлиги сабабли кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда муаммоларга дуч келаётган эди. Акция доирасида Сайхунобод туман ФҲДЁ бўлими томонидан фуқарога амалий ёрдам кўрсатилиб, экстерриториал тамойил асосида хизмат кўрсатилди ва муаммо бартараф этилди.
Турон маҳалласида яшовчи Светлана Хон эҳтиётсизлик сабаб туғилганлик ҳақида гувоҳномасини йўқотиб қўйган эди. Оилавий шароит сабаб ҳужжатга эҳтиёж сезди ва бу борада у Сайхунобод туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилди. Мурожаатни ўрганиш давомида фуқаронинг туғилганлик ҳақида гувоҳномасида тафовут борлиги маълум бўлди.
Сайхунобод туман ФҲДЁ бўлимининг амалий ёрдами билан фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилиб, Зангиота тумани ФҲДЁ бўлими билан экстерриториал тартибда далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш тартибида туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштирилиб берилди. Ҳа, ҳар бир ҳужжат қимматли маълумот, ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳужжат иши билан боғлиқ масалада муаммо бўлмаслиги керак.
“Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” акцияси ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштирилиши ва камчиликлардан холи бўлишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ахборот хизмати