Янгиликлар
Ҳадя қилинган мулкни қайтариб олиш мумкинми?
Фуқаролик кодексининг 502-моддасига мувофиқ, ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олишлиги,
504-моддасига биноан, кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозимлиги кўрсатилган.
Ушбу кодекснинг 507-моддасида Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилишлиги, ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳамда агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли бўлади.
Бундан ташқари, мазкур кодекснинг 384-моддасида шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилишлиги қайд қилинган.
Бундан кўринадики, Сиз томонингиздан нотариал тартибда расмийлаштирилган ҳадя шартномасини ҳадя олувчининг розилиги билан нотариал тартибда бекор қилишингиз мумкин.
Ҳаля олувчи бундай холга рози бўлмаса, юқорида санаб ўтилган холатлар мавжуд бўлсагина ҳадя шартномасини бекор қилишни сўраб судга мурожаат қилишингиз мумкин бўлади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Гулистон туманлараро судининг судьяси
Мирзабаев Сажар Ҳудайбердиевич