Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси олий юридик кучга эга деганда нималар тушунилади, унинг аҳамият қандай?
Конституциянинг энг асосий юридик хусусиятларидан бири – унинг олий юридик кучга эга эканлигидир. Шу боис, янгиланган Конституциянинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, деган устувор қоида белгиланди.
Конституция олий юридик кучга эга деганда – қонунчилик ҳужжатларининг тизимида (иерархиясида) энг юқори ўринда туриши ҳамда унинг бошқа ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устунлиги тушунилади.
Шу ўринда, Асосий қонунимизнинг Муқаддимасида “халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари устуворлиги тан олинганлиги” учун Конституция ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилинишида халқаро ҳужжатларга мувофиқликка эътибор қаратилади.
Маълумот тариқасида, қонунчилик ҳужжатларига Конституция, қонунлар, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Президент фармон, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, вазирлик ва идоралар буйруқлари ҳамда қарорлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари киради.
Конституциянинг олий юридик кучга эканлиги унинг сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатлиги, парламентда қабул қилинишининг алоҳида тартибига эга эканлиги ёки умумхалқ овози (референдум) асосида қабул қилиниши, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатининг асосий стратегик йўналишларини, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашида ҳам намоён бўлади.
Конституция олий юридик кучга эгалигини белгиловчи нормалар АҚШ, Япония, Сингапур, Бразилия каби давлатлар конституцияларида ҳам мавжуд.
Ушбу қоида барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мансабдор шахсларини фақат Конституцияга мувофиқ иш кўришга, қарорлар қабул қилишга мажбур қилади, фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларининг бошқа қонун ҳужжатлари билан чекланиши ёки чегараланишини олдини олади.
Фуқаролик ишлар бўйича
Гулистон туманлараро
судининг раиси С. Мирзабаев