Янгиликлар
“Янги Ўзбекистон”да сўз эркинлиги кафолатлари.
Маълумки, демократик фуқаролик жамиятида оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс ҳисобланади.
«Янги Ўзбекистон»да янгиланган Конституцияда сўз эркинлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Чунки, сўз эркинлиги демократик мақсадларга элтувчи йўл ҳисобланади. Фуқаролик жамиятида кимнинг ҳақ ва ниманинг тўғри эканини билишнинг ягона қонуний усули танқид ва савол остига қўйиш орқали амалга оширилган ижтимоий мунозарадир. Танқид эса сўз эркинлигига имкон берилган жойдагина бордир.
Сўз эркинлиги одатда оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилади, демакки, матбуот эркинлигининг таъминланиши демократиянинг энг асосий шартларидан биридир.
Сўз ва матбуот эркинлиги адолатли фуқаролик жамияти фаровонлигига элтувчи асосий воситалардан бири десак асло янглиш бўлмайди. Чунки, жамиятдаги иллатлардан оммани ва ҳукуматни ўз вақтида хабардор этиш, ҳукуматга келганлар ва сиёсий қудрат эгаларининг ўз ваколатларини суиистеъмол қилишига, коррупциянинг илдиз отишига йўл қўймаслик эркин матбуотнинг вазифаларидандир. Зеро, Карл Маркс матбуот эркинлигининг жамият ривожидаги ўрни ҳақида тўхталар экан, ундан халққа ва давлатга фойда келишини таъкидлаган ва «матбуот эркинлигининг давлат қарзини кўпайтиргани ҳеч қаерда кўрилмаган» деган эди.
Қуйида янгиланган Конституциямизнинг сўз эркинлиги кафолатларига таъсирини кўриб чиқамиз.
Маълумки, сўз эркинлиги деганда фикрларни оғзаки ёки ёзма кўринишда алоқа воситалари орқали ифода этиш тушунилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро пактнинг 19-моддасида ҳар бир инсон ўз фикрини эркин баён этиш ҳуқуқига эга эканлиги; бу ҳуқуқ давлат чегараларидан қатъи назар, ёзма равишда ёки матбуот орқали ёки ифодалашнинг бадиий шакллари ёки ўз ихтиёрига кўра бошқача усулларда турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини қамраб олиши белгиланган.
Ушбу халқаро норма Янгиланган Конституциямизнинг 33-моддасида ҳам ўз ҳуқуқий ифодасини топган бўлиб, унга кўра ҳар ким фикрлаш ва сўз эркинлигига эга.
Сўз эркинлиги фуқароларнинг муҳим шахсий ҳуқуқи сифатида қонунларда акс этгунига қадар узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтишига тўғри келди. Фикрларни эркин ифода этиш, эҳтимол, инсоният ҳаётининг ибтидосидан бери мушкул масала бўлиб келди. ХХ аср бошларида ўзбек жадидчиларининг қатағонга учрашига энг катта сабаблардан бири уларнинг ҳурфикрлилиги бўлди.
Ғарбда ҳам, Шарқда узоқ вақт фикрларни очиқ, эркин ифода этиш ҳукмдорлар, зодагонлар ва дин пешволарининг «имтиёзи» бўлиб келди.
ХХ асрнинг иккинчи ярмида инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро қонунларнинг янги тизими шаклланди. Бу даврга келиб инсон билимини ошириб борди ва ўз эркинликларига ҳурмат билан қаралишини талаб қила бошлади. Халқаро қонунларда сўз ва матбуот эркинлигига амал қилиниши зарурлиги ўз аксини топа борди. Зеро, «Жон Локк таъкидлаганидек, қонунларнинг мақсади эркинликларни йўқ қилиш ёки камайтириш эмас, балки муҳофаза қилиш ва кенгайтиришдир».
Ўзбекистонда 1991 йил, яъни совет мустамлакаси ниҳоясига етганидан сўнг сўз эркинлигини таъминлаш учун сиёсий-ҳуқуқий имкон пайдо бўлди. Республика ўз мустақиллигига эришганидан кейин бошқа эркинликлар қатори сўз эркинлиги ҳам қонунларда белгилаб қўйилди. Ҳозирги кунда сўз эркинлигининг энг асосий кафолати, шубҳасиз, Ўзбекистон Конституциясининг 33-моддасидир.
Ҳозирги шиддат билан ўсиб бораётган замонда сўз эркинлигининг таъминланишида бир қатор амалий ва ҳуқуқий муаммолар пайдо бўлмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, ахборот агентликлари орқали тарқатилаётган ахборотларнинг мазмунан бир-бирига яқинлиги ўзбек жамиятида фикрлар турфа хиллиги етишмаяптими, сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги чораларни кучайтириш зарурми, деган саволларни туғдиради. Айниқса, давлатга қарашли ва кенг омма учун мўлжалланган газета-журналларнинг мазмунан бир-бирига яқинлигини аниқлаш учун алоҳида таҳлилга ҳожат йўқ. Сўз эркинлиги нуқтаи назаридан ушбу нашрлар самарасиздир. Зеро, бирор давлат органи нашрининг мазкур орган фаолияти ёки ҳукумат сиёсатига танқидий ёндашишини тасаввур қилиш қийин. Бундай нашрларнинг асосий фаолияти тарғибот-ташвиқотдангина иборат бўлиб қолмоқда.
Сўз эркинлигини таъминлаш учун оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид мавжуд қонунчиликни такомиллаштириш, қонунчиликдаги мавжуд мавҳумликларни бартараф этиш зарур. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлиши, қонуннинг 7-моддасида эса, оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар. Аммо бундай мажбурият алал-оқибат цензурага, демакки, сўз эркинлигининг чекланишига ва Конституциянинг бузилишига олиб келади.
Янги Ўзбекистонда сўз эркинлиги таъминланганлигини президентимизнинг 2023 йил 8 май куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва жамоатчилик фаоллари билан референдум якунларига бағишланган учрашувда ахборот маконида ҳаққонийлик ва холислик бош мезон эканини унутмаслик зарурлигини айтиб ўтганлигида ҳам кўришимиз мумкин.
Хулоса ўрнида, сўз эркинлиги аввало, фуқароларнинг ўз сўз эркинлигидан фойдаланишида бошқаларнинг ҳуқуқига дахл қилмаслик, инсонга ва демократияга ҳурмат кўрсатиш масъулиятидир.
Сўз эркинлигини чеклаш жисмоний зуғум сингари инсонга нисбатан маънавий зўравонликдир. Бошқаларнинг фикрини тақиқлаб, уларнинг тақдири учун ҳукм чиқариш, ўз фикрини бошқаларникидан устун қўйиш диктаторликдан бошқа нарса эмас. Сўз эркинлигининг чекланиши бевосита ва билвосита ижтимоий норозиликнинг кучайиишига олиб келади, бу эса ўз навбатида жиддий оқибатларни келтириб чиқариш эҳтимоли бор. Зеро, Карл Маркс таъбири билан айтганда, француз инқилобининг сабаби цензура (яъни фикрларнинг тақиқланиши) эди.
Бир фикрни тақиқлаш, тақиқловчилар ўйлаганидек, ҳар доим ҳам ўша фикрга қарши натижаларга олиб келмайди. Бир фикрни тақиқлаш уни оқиллик билан танқид қилиш ва хатолигини фош этиш имкониятини йўққа чиқаради, айтиш мумкинки, ўша фикрга дахлсизлик ато этади. Қолаверса, тақиқланган нарсаларга эътиборнинг ортиши эҳтимоли мавжуд.
ИҚТИБОС: “фикрларни эркин айтишнинг имкони йўқ бўлса, демак, эркинлик ҳам йўқ” (Волтер).
Фуқаролик ишлари бўйича
Гулистон туманлараро судининг
судьяси Даврон Бурхонов