Янгиликлар
Чора-тадбирлар белгиланди
Сирдарё вилоятида 2013 йил якунлари ҳамда 2014 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими О.Ашурматов бошқарган йиғилишда 2013 йилда вилоят иқтисодиётини юксалтириш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йил 17 январда бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
2013 йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7 фоиз, жумладан, истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш 10 фоиз, капитал қўйилмалар ҳажми 8,1, чакана савдо 15,7, пуллик хизмат 14,8 фоизга ўсгани қайд этилди. Экспорт ҳажмининг ўсиши 45 фоизни ташкил этди. Ҳисобот даврида вилоятда 745 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг сони 6 минг 800 тага етди. 25 минг 800 янги иш ўрни яратилди.
Йиғилишда айрим соҳаларда йўл қўйилган камчиликлар, имкониятлардан етарлича фойдаланилмаётгани танқид қилиниб, атрофлича таҳлил этилди. Кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоққа саноатни олиб кириш, фармацевтика, енгил саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни янада ривожлантириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.