Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

01

1 апрелдан нималар ўзгаради?


1. Банк устав капиталининг энг кам миқдори оширилади.

Президент 2023 йил 9 апрелда имзолаган қонунга кўра, банк устав капиталининг энг кам миқдори 350 миллиард сўмни ташкил этиши керак. Илгари банк устав капиталининг энг кам миқдори 200 миллиард сўмни ташкил этиши лозим эди. 2025 йил 1 январдан эса бу миқдор 500 миллиард сўмни ташкил этади.

2. Газли ва энергетик ичимликларга акциз солиғи жорий этилади.
Таркибида шакар ёки ширинлаштирувчилар бўлган газланган ичимликларга, шунингдек, энергетик ичимликларга акциз солиғи жорий этилади. Буни назарда тутувчи ўзгартиришлар қонун ҳужжатларига Солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан 2023 йил 28 декабрь куни президент томонидан имзоланган қонун билан киритилди.

Ҳужжатга кўра:

таркибида шакар ёки бошқа ширинлаштирувчи ёки хушбўйлаштирувчи моддалар бўлган ҳамда истеъмол қадоғига қадоқланган газланган ичимликларга (энергетик ва тоник ичимликлар бундан мустасно) литрига 500 сўм миқдорида акциз солиғи белгиланади;
️энергетик ва тоник ичимликлар литри учун эса 2000 сўм.
3. Туман (шаҳар) ва вилоят архитекторлари сертификатланади.
Президентнинг 2023 йил 28 августдаги фармонига мувофиқ, шаҳарсозлик соҳасидаги қуйидаги тоифа мутахассисларни уларнинг фаолият йўналишлари бўйича ҳар 3 йилда бир марта сертификатлаш тизими жорий этилади:

туман (шаҳар) ва вилоят архитекторлари;
қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциялари инспекторлари.
Бунда мутахассисларни сертификатлаш ишларини ташкил этиш бўйича ишчи орган функцияси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Компетенцияни ривожлантириш институтига юкланади.

4. Айрим ёлғиз кексаларга поездга бепул чипталар ажратилади.

Президентнинг 2023 йил 27 декабрдаги қарорига кўра, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестрига киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ва уларга бевосита ҳамроҳлик қилувчи 1 нафар шахсга бир йилда бир марта темирйўл ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталар (бориш ва қайтиш учун) ажратилади.



5. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида эксперимент тариқасида айрим хизматлар кўрсатилади.

Президентнинг 2023 йил 27 декабрдаги қарорига кўра, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида эксперимент тариқасида:

уларда жойлаштирилган шахсларга уларнинг эҳтиёжи ҳамда хоҳишига кўра қисқа ва узоқ муддат қолиш ҳамда интернат уйидан бутунлай чиқиш имконияти яратилади;

улар томонидан мобил, кундузги қатнов шаклидаги, қисқа ва узоқ муддатли ижтимоий ва реабилитация хизматлари кўрсатилади.

6. «Тўсиқсиз» меҳмонхоналарга ҳар бир хона учун 1 млн сўмдан 2 млн сўмгача субсидия берилади.
Президентнинг 2024 йил 12 январдаги қарорига кўра, 1 апрелдан 2026 йил 1 апрелгача меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар меҳмонхонанинг камида 3 та хонасини ногиронлиги бўлган шахслар ўриндиқли аравачадан фойдаланиши учун қулай тарзда жиҳозласа, шунингдек, эшитиши ва кўриши учун дисплей ҳамда овозли қурилмалар ўрнатса, уларга ҳар бир махсус жиҳозланган хона учун қуйидаги миқдорларда субсидия берилади:

юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарга — 2 миллион сўм;
юлдузли тоифа олмаган меҳмонхоналарга — 1 миллион сўм.
7. «Кўча санъати ва мусиқаси» лойиҳаси амалга оширилади.
Президентнинг 2023 йил 25 декабрдаги қарорига кўра, тегишли манзилларда «Кўча санъати ва мусиқаси» лойиҳаси амалга оширилади.

Бунда:

тегишли кўчаларда чолғу асбоблари, рассомчилик ва ҳунармандчилик савдо расталари ташкил этилади;
ҳар чорак якунида ҳар бир ҳудуддан 10 нафар фаол ижодкор БҲМнинг камида 20 баравари миқдоридаги пул маблағлари билан рағбатлантириб борилади.
8. «Маданият тўлқинлари» медиа лойиҳаси доирасида энг яхши медиа маҳсулотларга пул мукофоти берилади.
Президентнинг 2023 йил 25 декабрдаги қарорига кўра, медиа лойиҳа доирасида танлов ўтказиладиган йўналишлар ва уларнинг концепцияси белгилаб берилиб, жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилинган ва ғоявий юксак энг яхши 50 та медиа маҳсулотнинг ҳар бири 50 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади.



9. Давлат харидлари доирасида маҳаллий ишлаб чиқрувчиларга преференция берилади.
Президентнинг 2024 йил 10 январдаги қарорига кўра, давлат харидлари доирасида чет эллик етказиб берувчилар билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этганда уларга нисбатан импорт товарларининг DDP (Ўзбекистон) нархидан қуйидаги миқдорларда нарх преференцияси берилади:

3 та ва ундан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда 15 фоиз;
2 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда 12 фоиз;
1 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда 8 фоиз.


10. Юк ва йўловчиларни ташишда автотранспортларга йул варақалари электрон юритилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 22 январдаги қарорига кўра, 2024 йил 1 октябргача Юк ва йўловчиларни ташишда автотранспортларга йўл варақаларини электрон расмийлаштириш ва юритиш тизимини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилади.

Бу даврда:

электрон йўл варақалари Транспорт вазирлигининг «Uztrans» ягона интерактив ахборот тизимининг «Электрон йўл варақа» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали расмийлаштирилади ва юритилади;
электрон йўл варақалари автомобилда юк ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар томонидан мустақил расмийлаштирилади;
йўл варақаларининг қоғоз шаклидан фойдаланишни чекламаган ҳолда унинг электрон кўринишига босқичма-босқич ўтилади;
электрон йўл варақалари тизими шахсий енгил автомобилида йўналишсиз такси сифатида йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун амал қилмайди;
мазкур тизим платформасини яратиш, жорий этиш ва унга хизмат кўрсатиш учун манфаатдор ташкилотлар (миллий операторлар) танлов асосида жалб этилиши мумкин;
тизимдан фойдаланганлик учун йиғим ундирилмайди.
11. Чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ноль даражали ставка бўйича солиқ солиниши бекор қилинади.
Амалдаги хизмат қиймати 4000 сўмни ташкил этса, ушбу қийматга нисбатан 1 апрелдан 12 фоиз миқдорда қўшилган қиймат солиғи ҳисобланганда жами хизмат қиймати 4480 сўмни ташкил этади.

Юқоридаги ўзгариш 2023 йил 28 декабрдаги «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга кўра амалга оширилмоқда.



12. Фарзанд туғилгандаги суюнчи пули ҳаммага ҳам берилмайди.
Ўзбекистонда 1 апрелдан фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули биринчи фарзанд учун барчага, иккинчи фарзанд учун эса фарзанд туғилган пайтда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оиланинг аъзоси бўлган аёлларга расмийлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 70,3 фоизи (ҳозирда 738 150 сўм)га тенг.

13. Номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи шахслар ҳар ойда рағбатлантирилади.
Президентнинг 2023 йил 25 декабрдаги қарорига кўра, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи 20 нафар шахс аниқланиб, уларга кўмаклашилади ҳамда фаолиятини баҳолаш кўрсаткичлари белгилаб берилади.

Ушбу кўрсаткичларни бажарган номоддий маданий мерос намуналарини сақловчи шахслар ҳар ойда 5 млн сўм миқдорида рағбатлантириб борилади.

Шунингдек, алоҳида аҳамиятга эга номоддий маданий мерос намуналарини ёзиб олиш ва кенг тарқатиш учун ҳар йили 50 та аудиовизуал асар яратишга давлат буюртмаси берилади.

14. ҚҚС бўйича айрим имтиёзлар бекор қилинади.
Тиббиёт, ветеринария, коммунал хизматлар ва дори-дармон воситаларини реализация қилишда ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

1. Тиббий хизматлар. Тиббий хизматларга, хусусан, қуйидагилар киради:

тиббий ёрдам ва санитария хизматлари;
диагностика, профилактика ва даволаш хизматлари;
стоматологик хизматлар, шу жумладан тиш протезлари.
2. Ветеринария хизматлари. Ветеринария хизматларига, хусусан, қуйидагилар киради:

ветеринария хизматлари, ҳайвонларни ташхислаш ва даволаш бўйича хизматлар;
аҳолини ҳайвонлар ва одамлар учун умумий касалликлардан ҳимоя қилиш;
Ўзбекистон ҳудудини ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан ҳимоя қилиш;
давлат ветеринария хизмати томонидан назорат қилинадиган товарларнинг ветеринария ва ветеринария-санитария хавфсизлигини таъминлаш.
3. Дори воситалари, шу жумладан, ветеринария дори воситалари, тиббиёт ва ветеринария учун мўлжалланган буюмларни, шунингдек уларни ишлаб чиқариш учун хом ашёни олиб кириш.

Шунингдек, 1 апрелдан яна баъзи ўзгаришлар бўлади, хусусан:

Аи-80 бензини учун акциз солиғи ошади. Нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги акциз солиғи Аи-80 бензини маҳсулотининг 1 тоннаси учун 303 000 сўмдан 340 000 сўмга (37 000 сўмга), нефть маҳсулотларини ва суюлтирилган газни якуний истеъмолчига реализация қилишда акциз солиғи Аи-80 бензин учун маҳсулотининг 1 тоннаси учун 565 000 сўмдан 633 000 сўмга (68 000 сўмга) оширилади.
Қўқон шаҳри аэропорти тўлиқ ишга тушади. Аэропорт 2001 йилдан бери фуқаролик самолётлари учун ёпилган ва ҳарбий ҳаво кучлари томонидан фойдаланилган.