Янгиликлар
26
Судья- чуқур ҳуқуқий билим ҳам катта амалий кўникма эгаси бўлиши лозим
Одил судлов самарадорлиги судьяларнинг бой билим даражаси ва амалий кўникмаларига боғлиқлиги бугунги тараққиётимизнинг барча жабҳаларида демократик ўзгаришлар, жадал ислоҳотлар амалга оширилаётган шиддатли давримизда янада теранроқ намоён бўлмоқда. Албатта, бу ислоҳотлар жараёнида одил судловни амалга ошириш ваколати юкланган судьялар зиммасида улкан вазифалар мавжудлигидан далолатдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Судлар тўғрисида”ги қонунга асосан, судьялар одил судловни амалга ошириш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари билан боғлиқ фуқаролик, жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликликка доир ишларни кўриб, қонуний, адолатли ҳал этишдек масъулиятли вазифани амалга оширадилар.
Бу эса ўз навбатида, судьядан чуқур ҳуқуқий билимга эга бўлишни ва ишларни кўриб чиқишда мавжуд билим ва амалий кўникмасини беғараз, холисона ва тўғри қўллай олишини, шу билан бирга, доимий равишда касбий билим даражасини ошириб боришини, жамият ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар билан ҳамнафас яшашини таъқазо этади.
Бу, Ўзбекистон Республикаси судьяларининг одоб-ахлоқ кодексининг 10-моддасида ҳам ўз аксини топган бўлиб, судья ўз мажбуриятларини лозим даражада бажариши учун ўз малакаси ва касбий билимларини мунтазам ошириб бориши, амалий кўникмаларини ва шахсий фазилатларини такомиллаштириб бориши шарт. Шу мақсадларда судья мустақил таълим олиш имкониятларидан фойдаланиши ва мунтазам равишда давлат малака ошириш тизимида қайта тайёргарликдан ўтиши керак.
Бугунги кунда, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида жадал ислоҳотлар олиб борилаётгани, шунингдек бошқа соҳалар каби судлар фаолиятига замонавий ахборот коммуникация технологиялари жорий этилаётганлиги ҳам судьялардан доимий ўз устида ишлашларини талаб этади.
Шу боис қуйида судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятининг асосий талабларидан бири ҳисобланган ўз билим ва кўникмасини ошириб бориш борасидаги айрим тавсия ҳамда яратилаётган имкониятлар хусусида тўхталиш зарур.
Биринчиси, судьялар ўз билим ва касбий кўникмаларини орттириб бориш учун мустақил ўз устида ишлашни йўлга қўйиши лозим.
Судьянинг мустақил таълим олиши – кундалик ҳаётининг бир қисми бўлиб, унда ўз билим ва кўникмаларини махсус таълим муассасаларига бормасдан, тегишли дастурлар асосида ўқимасдан, уйда ва иш фаолияти давомида ошириб боришни назарда тутади.
Мустақил таълим олиш жараёнида судья, авваламбор, доимий равишда ўз устида ишлаши, изланиши, амалдаги қонун ҳужжатлари ва уларни амалиётда тўғри қўллашга оид адабиётларни, суд амалиётини мунтазам кузатиб, таҳлил қилиб бориши, қарор қабул қилишда ўзи ва бошқа судьялар йўл қўйган хато ва камчиликлари сабабларини таҳлилий ўрганиб бориши ва ўз фаолиятида уларни такрорламаслик чораларини кўриши лозим.
Мустақил таълим олишни самарали ташкил этишда судья Олий суд Пленуми қарорларини, суд-ҳуқуқ соҳасига оид миллий ва хорижий юридик адабиётлар ва нашрларни ўрганиб бориши, иш фаолияти давомида юзага келадиган муаммоли ва мунозарали масалаларни ҳамкасблар билан муҳокама қилиши ва маслаҳатлар олиши мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, судья ўз дунёқарашини янада кенгайтириш, ҳуқуқий билимларини юксалтириш мақсадида тажрибали, билимли, маънавий етук инсонлар билан мулоқот қилиши, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва тавсиялари асосида тегишли хулосалар чиқариши иш фаолияти самарадорлигини оширишга, муайян ҳолат бўйича қарор қабул қилишида ички ишончини мустаҳкамлашга кўмаклашади. Бу ўринда, судьялар билан ўтказилаётган маънавият ва маърифат дарслари, кўп йиллик иш тажрибасига эга фахрий судьялар билан мулоқотлар, семинар машғулотлар муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этиш лозим.
Бу борада, жамоатчилик асосида ишловчи, судьяларининг онлайн тарзда эркин фикр алмашишини ташкилий таъминлаш мақсадида “Судьялар клуби”ни ташкил этилди ва унга ҳуқуқ соҳалари бўйича кўп йиллик тажриба ва юқори билимли судьялар бириктирилади.
Айни пайтда, “Судьялар клуби”нинг фаолияти таҳлилидан кўринишича, клуб платформаси қонунларни тўғри қўллаш, одил судловни амалга оширишда ягона амалиётни жорий этиш, судьялар амалиётда дуч келаётган муаммоларни аниқлаш, одоб-аҳлоқ нормалари ва судья маънавияти билан боғлиқ масалаларда ҳамда амалдаги моддий ва процессуал қонун нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиялар ва ўзаро савол-жавоблар - судьяларнинг билим даражасини оширишга хизмат қилувчи муҳим омил бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги қарори асосида ташкил этилган ва асосий вазифаларидан бири фаолият юритаётган судьяларнинг малакасини ошириб боришга кўмаклашишдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Судьялари Олий мактабида судьялар ва суд раислари, вилоят суди раиси ва ўринбосарлари, судьялар учун тегишли малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари ташкил этилиб, судьялар махсус таълим дастурлари асосида ўқув курсларида ўз малакаларини оширишлари йўлга қўйилган.
Шунингдек, вилоят ва унга тенлаштирилган судлар судьялари малака ҳайъатлари ва Судьялар Олий малака ҳайъатининг иш режаси асосида судьяларнинг ўз малакаларини оширишга кўмаклашиш учун юқори судларда фаолияти билан танишиб, малака (стажировка) ўташи ҳам назарда тутилган.
Бугунги кунда, малака ошириш курсларида судьяларга амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва шу асосида қабул қилинаётган қонун
ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини, уларни амалиётда тўғри ва бир хилда қўллаш юзасидан тушунтириш, йўлланмалар бериш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, келгусида дидактик қобилиятга эга бўлган, яъни дарс бериш услубларини чуқур эгаллаган профессор-ўқитувчилар ва амалиётчи мутахассисларни янада кенг жалб этишга катта эътибор қаратиш лозим.
Шунингдек, келгусида бевосита судьяларнинг талабидан келиб чиққан ҳолда (судья қайси тоифа ишларни кўришда қийналаётган бўлса шу бўйича малакасини ошириш ниятида эканлигини билдириб, судьялар олий мактабига мурожаат қилишларини йўлга қўйиш орқали) улар билан онлайн ўқув, вебинар машғулотлар ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Масаланинг иккинчи томони - судьяларнинг малакасини ошириш самарадорлигига эришишда ўқув курсларига жалб этиладиган профессор ўқитувчилар ва мутахассислар билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам, айрим илғор хорижий давлатларда малака ошириш ўқув курсларига профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларни танлашда уларнинг судьяларга таълим бериш услубияти бўйича махсус тайёргарликдан ўтган бўлишига алоҳида эътибор берилади. Жумладан, Суд ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича Европа уюшмаси томонидан суд ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш методологияси бўйича махсус қўлланма яратилган. (http://www.ejtn.eu). Табиийки, ўқитувчиларнинг бундай тайёргарликдан ўтиши судьяларнинг талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, сифатли ўқув дастурларининг яратилишига, ўқув жараёнига таълим беришнинг ҳамда судьялар олган билим ва кўникмаларни баҳолашнинг фаол усулларини жорий этишга кўмаклашади.
Муҳими, анъанавий маърузага асосланган ёндашувлар ўқитишнинг бошқа хил усуллари билан тўлдирилиб борилади. Масалан, кичик гуруҳларда ишлаш, умумий муҳокамалар, амалий мисолларни кўриб чиқиш ва ўрганиш, тажрибага асосланган машқлар ва ҳоказо.
Таълим жараёнида иштирокчилар ўртасида ўзаро мулоқот ҳамда судьяларни ўқитишнинг мақбул усулларини танлаш, айниқса, муҳимдир. Хусусан, ўқув хоналарида ўтказиладиган машғулотларни суд амалиётидаги турли вазиятларга боғлаш, бундай машғулотларни кўчма тарзда ёки онлайн усулида ўтказиш ҳам кутилган самарани беради. Бундай таълим жараёни стационар ҳолда ёки масофадан туриб ҳам амалга оширилиши мумкин.
Шунингдек, айни пайтда судьялар учун ўқув услубий қўлланмалар, долзарб ва янги мавзулар акс этган дастурлар ва бошқа ёрдамчи материаллар тайёрланиши ҳам режалаштирилмоқда ва ушбу тадбирларнинг амалга оширилиши бевосита судьяларнинг билим ҳамда касбий малакасини ошириш, алал оқибат одил судлов самарадорлиги ошишига ижобий таъсир этиши шубҳасиз.
С.Х.Мирзабаев
Фуқаролик ишлари бўйича
Гулистон туманлараро суди судьяси