Янгиликлар
31
Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш ва интеллектуал мулкка оид ишларни кўриб чиқишнинг айрим масалалари муҳокама қилинди
Сир эмаски, судлар томонидан муайян туркумдаги ишларни кўришда қонунчиликни тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлашда Олий суд Пленуми қарорлари муҳим ўрин тутади. Чунки, қонунчилик ҳужатларида мавжуд бўлган турли ноаниқликлар ва тушунмовчиликларга айнан Пленум қарорлари ечим вазифасини ўтайди, дейилди Сирдарё вилоят суди ва вилоят Адлия бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган семинар аввалида.
Семинарга сабаб эса 2023 йил 23 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 16-сон қарори, шунингдек, юқоридаги Пленум қарори билан бир санада Олий суд Пленумининг яна бир муҳим аҳамиятга эга бўлган “Интеллектуал мулкка оид ишларни кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 19-сон қарори қабул қилингани бўлди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Сирдарё вилояти шўъбаси вакиллари иштирокидаги семинарда Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари маъруза қилиб, юқорида номлари қайд этилган Пленум қарорларининг мазмун-моҳиятини тушунтириб ўтишди.
Ўзаро савол-жавоблар Пленум Қарорларининг амалдаги ижросини таъминлашда ҳамкорлик зарур эканлигини тасдиқлаб берди. Айниқса, моҳиятини аҳолига тушунтиришда ҳуқуқий тарғиботларни кучайтириш зарур, деган хулосага келинди.