Янгиликлар
04
ЯНГИЕРЛИКЛАРНИНГ МУАММО ВА ТАКЛИФЛАРИ ЎРГАНИЛДИ
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасида Сирдарё вилоятида "Адлия-маҳалла-мактаб" ҳамда "Адлия тадбиркорга кўмакчи" лойиҳаларини амалга ошириш бўйича намунавий тизимни яратиш бўйича республика ишчи гуруҳининг вилоят аҳли билан учрашувлари давом этмоқда.
Навбатдаги манзил Янгиер шаҳар “Фазилат” маҳалласи. Шаҳар марказида жойлашган ушбу маҳаллада бугунги кунда 2687 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ишчи гуруҳ раҳбари, Адлия вазири А.Ташкулов дастлаб маҳалла бешлиги фаолияти билан танишди. Маҳаллада фуқароларнинг ҳуқуқий билимини тизимли равишда ошириш, маҳаллада содир этилаётган жиноятларни олдини олишга қаратилган ишларни ташкил этиш ҳолатини ўрганди.
Шунингдек, жиноятчилик кўрсаткичи бўйича “қизил” ҳудуд тоифасига киритилган ушбу маҳалладаги вазият билан яқиндан танишиш мақсадида Адлия вазири уйма-уй юрган ҳолда аҳоли билан суҳбатлашди.
Ботиржон Тожибоев ёш бўлишига қарамай нонвойчилик билан шуғулланиб келади. Бу ота касб, оиламиз учун яхши даромад манбаи, - дейди у раҳбар билан мулоқотда.
Дарҳақиқат, тадбиркорлик субъектларининг муаммо ва масалаларини бевосита ўрганиш соҳани ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этади. Республика ишчи гуруҳининг янгиерлик тадбиркорлар билан юзма-юз учрашуви ушбу йўналишдаги муаммоларни аниқлаш имконини берди.
Адлия вазирининг Янгиер ихтисослаштирилган мактабида бир гуруҳ педагоглар билан учрашуви расмиятчиликдан холи, очиқ мулоқот руҳида ташкил этилди.
Тадбирда таълим тизимини янада такомиллаштириш, соҳага илғор тажрибаларни татбиқ этиш, педагог кадрларнинг ҳуқуқий мақомини янада мустаҳкамлаш, айниқса, ҳуқуқ таълимини ривожлантириш борасида фикр-мулоҳазалар юритилиб, қатор таклифлар ўртага ташланди.
Республика ишчи гуруҳининг Сирдарё вилоятидаги ўрганишлари давом этади.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ахборот хизмати