Янгиликлар
04
ЯНГИЕРЛИК ЁШЛАР БИЛАН ЭРКИН ФОРМАТДА МУЛОҚОТ
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда янгича ёндашилмоқда. Ҳар бир ҳудуддаги алоҳида эътиборга муҳтож ёшларга ғамхўрлик қилиш ва доимий қўллаб-қувватлаш бўйича янги тартиб жорий этилиб, республика, вилоят, туман раҳбар кадрларининг масъулияти аниқ белгилаб берилди.
Ишсиз, кам даромадли, ногиронлиги бўлган, ҳаётда ўз ўрнини топишга интилаётган ёшларга раҳбар кадрлар масъул сифатида бириктирилди. Республика ишчи гуруҳи Янгиер шаҳридаги ана шундай эътибор ва ғамхўрликка муҳтож ёшлар билан учрашди.
Мулоқот мобайнида ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Эркин форматда ташкил этилган ушбу тадбир фикр-мулоҳазалар билан ўртоқлашиш муаммо ва таклифларни билдириш учун қулай имконият бўлди.
Тадбирда 50 дан зиёд ёшлар иштирок этди, 30 нафарга яқин ёшлар масъулларга турли мазмундаги мурожаатлар билан юзланди.
Ҳар бир мурожаат диққат билан тингланиб, уларга амалий тавсия ва тушунчалар берилди ҳамда муаммоли масалалар иш юритувга қабул қилинди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ахборот хизмати