Янгиликлар
04
Ҳуқуқий таълим сифатини ошириш масаласида давра суҳбати ўтказилди
Бугунги кунда таълим соҳасида давлатимиз томонидан мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган. Мазкур йўналишдаги ислоҳотлар учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Республика ишчи гуруҳининг Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида таълим тизими ходимлари билан навбатдаги учрашуви Янгиер шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида ўтказилди.
Давлат ҳуқуқи ва асослари фани ўқитувчилари иштирок этган мазкур тадбирда ҳуқуқ соҳасидаги таълим-тарбия ишларини янада жонлантириш, ҳуқуқий таълимнинг сифатини ошириш, ҳуқуқий таълим жараёнини самарали ташкил қилиш масалалари муҳокамалар марказида бўлди.
Тадбирда Адлия вазири ўринбосари Шерзод Рабиев дастлаб таълим соҳасидаги ислоҳотлар, юридик фан ва таълимни такомиллаштиришга қаратилган ҳуқуқий механизмлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Мулоқотда фан ўқитувчилари сўзга чиқиб, умумий ўрта таълим муассасаларида ушбу фанни ўқитишда етук мутахассисларни танлаб олиш механизмини жорий қилиш, педагоглар ва ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий билимларини синовдан ўтказишга йўналтирилган кўрик-танловларни янада кўпайтириш юзасидан қатор таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Якунда ҳуқуқий таълим соҳасидаги муаммоларни бартараф қилиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди ҳамда иштирокчиларга қонунчиликдаги янгиликлар мазмун-моҳияти акс этган буклет ва инфографикалар тарқатилди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ахборот хизмати