Янгиликлар
27
Журналистларга қонунчиликда берилган муҳим 10 та кафолат
Журналистни таъқиб қилиш тақиқланади. ОАВлар фойда солиғи бўйича қандай имтиёзга эга? Журналистлар ўртасида ҳар чоракда танловлар ўтказилиши керак. Журналистларнинг хорижий тилни ўрганиш харажатлари қоплаб берилади.
1993 йил 3 сентябрдаги Қонун билан 27 июнь – Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни этиб белгиланган. Мазкур кун муносабати билан журналистлар, матбуот ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари учун қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва кафолатлар ҳақида қуйида асосий қоидаларни келтириб ўтамиз.
Оммавий ахборот воситалари эркин, журналист дахлсиздир
Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари эркиндир.
Журналист ўз фаолиятини амалга оширишда дахлсизлик кафолатидан фойдаланади. Бунда, танқидий материаллар эълон қилганлиги учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди.
Журналист ахборотни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.
Журналист текширув ўтказиш ҳуқуқига эга
Журналист ахборот тўплаш ва текширув ўтказишга ҳақли.
Журналист ўз текширувлари натижаларини оммавий ахборот воситаларида тарқатиши мумкин. Журналист текшируви даврида қўлга киритган материаллари ва ҳужжатлари олиб қўйилиши ёки кўздан кечирилиши мумкин эмас.
Журналист ахборот олиш учун давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга мурожаат этиши мумкин.
ОАВ журналистга ноқонуний топшириқ берса, журналист уни бажаришни рад этишга ҳақли.
Журналист ўзи тайёрлаган хабар ёки материалнинг мазмуни таҳрир жараёнида бузилган деган фикрга келса, унга имзо қўймаслик ёхуд уни нашрдан олиб қолишни (эфирга бермасликни) талаб этиш ҳуқуқига эга.
Журналист ахборот эгасини сир тутишини талаб қилиши мумкин
Журналист ахборот манбаи ёки муаллифнинг номи сир сақланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
ОАВ таҳририяти ўз номини ошкор этмаслик шарти билан берилган ахборот, маълумотлар, фактлар ёки далиллар манбаининг номини, тахаллусини қўйган муаллифнинг номини уларнинг ёзма розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмас.
Таҳририят ахборот манбаининг ёки тахаллусини қўйган муаллифнинг талабига биноан уларнинг номидан судда иштирок этиши мумкин.
ОАВ давлат органларига оғзаки сўров бериши мумкин
ОАВ давлат органларига уларнинг фаолияти ҳақида ахборот олиш учун оғзаки ёки ёзма сўров билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Мазкур сўрови 7 кунда кўриб чиқилади.
Сўровни кўриб чиқиш сўров юборилган давлат органи ваколатига кирмаса, ваколатли органга уч иш кунида юборилади, ОАВ эса бу ҳақда хабардор қилинади.
Сўров рад этилганда, ОАВга асослантирилган жавоб юборилади.
ОАВ фойда солиғини 50 фоиз ставкада тўлайди
2025 йил 1 июлгача ОАВ фойда солиғини 50 фоиз камайтирилган ставкада тўлайди, шунингдек Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб кириладиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радиотелевизион ускуналар ҳамда қоғоз божхона божидан озод этилади.
Журналистларни рағбатлантириш учун ҳар чоракда танловлар ўтказилиши керак
Журналистларни мунтазам рағбатлантириш мақсадида ҳар чоракда қуйидаги танловлар ўтказиши керак:
ОАВда эълон қилинган 100 тагача энг яхши материал учун муаллифлар қуйидан юқорига ўсиб бориш тартибида БҲМнинг 50 бараваригача пул мукофоти билан тақдирланади;
амалий ва долзарб аҳамиятга эга бўлган 100 тагача энг яхши таҳлилий материални тайёрлаш ва ОАВда эълон қилиш учун давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмаларини бериш бўйича.
“Олтин қалам” бош миллий мукофот учун автомобиль берилади
“Олтин қалам” миллий мукофоти совриндорлари қуйидагича мукофотланади:
бош миллий мукофот учун – автомобиль;
1-ўрин учун – БҲМнинг 200 баравари;
2-ўрин учун – БҲМнинг 175 баравари;
3-ўрин учун — БҲМнинг 150 баравари;
12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бири учун – БҲМнинг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти.
Журналистларнинг хорижий тилларни ўрганиш харажатлари қоплаб берилади
ОТМда журналистика йўналишида таълим берадиган профессор-ўқитувчиларнинг муаллифлик кўрсатув ва эшиттиришлари ҳамда йирик таҳлилий мақолалари уларни моддий рағбатлантириш нуқтаи назаридан илмий мақолага тенглаштирилади.
ОАВда камида бир йил ишлаётган журналистлар ва таҳририят ходимлари хорижий тиллар бўйича B2 ва ундан юқори сертификат олганида, уларнинг хорижий тилларни ўрганиш бўйича харажатлари 50 фоизи (БҲМнинг 15 бараваридан ошмаган қисми) ҳамда имтиҳон топшириш харажатлари компенсация қилинади.
Давлат органлари ахборот хизмати бошлиқлари ойлик маоши давлат органи раҳбари ўринбосарининг ойлик маошига тенглаштирилган
Давлат органлари ахборот хизматлари раҳбарлари ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилади.
Давлат органлари ахборот хизматларига уларнинг хизмат мажбуриятига кирмайдиган қўшимча мажбуриятларни юклаш, ахборот хизматларининг функциялари ва вазифаларини бошқа бўлинмалар зиммасига юклашга йўл қўйилмайди.
Давлат органлари раҳбарлари ахборот хизматларини телевизор, фото- ва видео ёзиб олиш воситалари, юқори тезликдаги Интернет билан таъминлашга мажбур.
Журналист фаолиятига тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлади
Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари қуйидагилар учун жавобгарликка тортилиши керак:
цензура қилганлик;
журналистни аккредитация қилишни асоссиз рад этиш ёки аккредитацияни ноўрин бекор қилиш;
журналистнинг сўров билан мурожаат қилиш ва зарур ахборотни олиш ҳуқуқини бузганлик;
журналистга тазйиқ ўтказганлик, унинг журналистлик фаолиятига аралашганлик;
журналистнинг материаллари ва зарур техника воситаларини ғайриқонуний равишда олиб қўйганлик;
ахборот манбаини ёки муаллиф номини унинг розилигисиз ошкор этганлик учун.